Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иқтисодий чегараларда иш юритиш рақамлаштирилмоқда

Ҳозирда божхона тартиб-тамойилларини янада соддалаштириш, тизимда рақамли технологияларни кенг қўллаш орқали инсон омилини камайтириш, содда қилиб айтганда, “Рақамли божхона”га ўтиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда божхона органларида 63 та ахборот тизими ва 28 та интерактив хизмат жорий этилган. Божхона расмийлаштируви жараёни 100 фоиз автоматлаштирилиб, шундан 13 та янги ахборот тизими 2020 йилда амалиётга татбиқ этилди.

Хусусан, божхона органларида “Хавфни бошқариш” тизимининг жорий этилиши натижасида бугунги кунда қонунга итоаткор тадбиркорларнинг экспорт ва импортга йўналтирилаётган маҳсулотлари тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда. Яъни, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари хавф даражасига қараб тоифаларга ажратилиб, божхона кўриклари сони 1,4 баробарга камайтирилди.

Божхона расмийлаштируви вақти экспортда 1,7, импортда 1,4 баробарга қисқарди. Ҳозирги кунда 62 фоиз товарлар соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.

Божхона юк декларацияларини автоматик рўйхатга олиш ва автоматик тақсимлаш жорий этилгач, илгари бу жараёнда бир неча хизмат китоблари юритилиб 2-3 соат вақт кетган бўлса, энди 1-2 дақиқа сарфланмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2020 йилда вилоят ташқи савдо айланмаси 1,4 миллиард долларни ташкил этди. Бунда импорт 1,1 миллиард долларни ташкил қилди. Шунингдек, 591 та экспортчи корхоналар томонидан 124 миллион долларлик мева-сабзавот, 73,5 миллион долларлик тўқимачилик, 22,5 миллион долларлик озиқ-овқат, 21,1 миллион долларлик транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари, 73,7 миллион долларлик бошқа товарлар хорижга экспорт қилинган.

Ташқи савдо айланмасида энг юқори улуш Хитой, Россия, Туркия ва Япония давлатлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

2020 йилда 1 триллион 193 миллиард сўмлик божхона тўловлари давлат бюджетига ундирилди. Бу эса 2019 йилга нисбатан 35 фоизга кўп. Бундан ташқари, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 1 триллион 700 миллиард сўм божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди.

Пандемия шароитида вилоятда фаолият юритаётган 101 нафар тадбиркорлик субъектига жами 252 миллиард сўм божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилди.

Умуман, ўтган йилда “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш доирасида вилоятда 508 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, 4 миллиард сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Шунингдек, 10,2 миллиард сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди. Қонунбузарларга нисбатан 25 та жиноят иши қўзғатилди.

24 та ҳолатда 8,6 килограмм гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланувига чек қўйилди.

Жорий йилда тизимда яна 16 та ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш режалаштирилган. Мисол учун, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини давлат назоратидан ўтказиш ва пост ҳудудидан чиқиб кетишининг назорати “электрон шлагбаум”га асосланган, “Транспорт назорати” автоматлаштирилган ахборот тизими амалиётга жорий этилмоқда.

Тизим ёрдамида товар ва транспорт воситалари чегара ўтказиш пунктларига кириб келишидан чиқиб кетгунгача бўлган назорат тадбирлари автоматлаштирилиб, инновацион (ақлли) божхона пости амалиётга жорий этилади.

Янги бинода иш бошлаган “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида банк шохобчаси, сертификат идоралари ва божхона брокерлари фаолият олиб бориши учун хоналар ажратилган.

Вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан тадбиркорлик субъектларининг экспорт товарларини четга олиб чиқишида қулайлик яратиш, вақт ва харажатларини тежаш мақсадида Тожикистон Республикаси билан чегарада жойлашган “Жартепа” чегара божхона пости яна ўз фаолиятини бошлади.

Фақат халқаро юк ташувчиларнинг юк автотранспорт воситалари ҳаракатланиши белгиланган мазкур пост орқали энди вилоятимиз тадбиркорлари ҳам ўз товарларини қўшни давлатга экспорт қилишлари ёки товарлар импортини амалга оширишлари мумкин.

Якуб Мирзараҳимов,

Самарқанд вилоят божхона бошқармаси бошлиғи.