Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ва бошлиқ ўринбосарлари тасдиқланди

Бугун халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияни вилоят ҳокими, Кенгаш раиси Эркинжон Окбутаевич олиб борди.

Сессия ишида вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ва бошлиқ ўринбосарларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

 Умаров Асқар Нарзиевич

Унда Умаров Асқар Нарзиевич вилоят ҳокимининг ўринбосари - Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи этиб тасдиқланди.

Йўл ҳаракатини ташкил қилиш муҳандиси мутахассислигига эга А.Умаров 2018 йилдан бугунги кунгача вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Алимова Гавҳар Зайировна

Депутатлар шунингдек, Алимова Гавҳар Зайировнани вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тасдиқлади.

Г.Алимова 2018 йилдан бугунги кунгача Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган.

Халимов Акрам Ҳамидович

Бошқарма бошлиғининг яна бир ўринбосари лавозимига Халимов Акрам Ҳамидович номзоди кўриб чиқилди.

2018 йилдан Ургут тумани бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган А.Халимов янги бошқарма бошлиғининг хавфсиз маҳалла фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ўринбосари сифатида фаолият олиб боради.

Нормуродов Ҳасан Норбекович

Шунингдек, Нормуродов Ҳасан Норбекович бошқарма бошлиғининг кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосари лавозимида иш бошлайдиган бўлди.

Ҳ.Нормуродов 2003 йилдан бугунги кунгача Ўзбекистон фахрийларининг фаолиятини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоат фонди шаклидаги "Нуроний" жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими Кенгаши раиси лавозимида ишлаб келган.

Сессияда Президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов иштирок этди.