Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ота фарзандлари яшаётган уйнинг ижара пулини ярмини тўлайдиган бўлди

Лола (исми ўзгартирилган) Шоҳруҳ (исми ўзгартирилган) билан 2010 йилда қонуний никоҳдан ўтиб, уч нафар фарзанд кўришган. Бироқ ўзаро келишмовчиликлар сабабли 2016 йил декабр ойида Лола фарзандлари билан ота-онасининг уйига қайтишга мажбур бўлади.

“Чиққан қиз чиғириқдан ташқари”, деганларидек Лола ҳам туғилиб-ўсган уйида энди ортиқчалик қиларди. Шунинг учун у ҳар ойда 2 миллион 400 минг сўм тўлашга келишган ҳолда фарзандлари билан Дилшоданинг уйида яшай бошлайди. Табиийки, ҳеч қаерда ишламайдиган Лола Шоҳруҳ фарзандларига алимент пулларидан ташқари ёрдам бермаслиги сабабли моддий қийин аҳволда қолади.

Шу боис, уй-жойни ижарага бериш шартномасида белгиланган пулнинг ярмини ҳар ойда Шоҳруҳдан ундириб бериш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилган.

Суд иш ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериб, ижрага берилган уй-жойнинг мулкдори Дилшода билан ижарага олувчи Лола ўртасида 2019 йил 3 февралда ижарага бериш шартномаси тузилганлигини, шартномада ижара ҳар бир ойда 2 миллион 400 минг сўм деб келишилганлигини инобатга олди.

Ота-она фарзандларининг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шартлигидан келиб чиқиб, отадан ижара ҳақининг ярми, яъни 1 миллион 200 минг сўмдан ундириш белгиланди.