Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда ноқонуний дори сотувчи, Нарпайда эса дорихона фаолиятига чек қўйилди

Шу кунларда пандемия сабаб дори воситаларига бўлган талаб ортиб бормоқда. Бу эса вазиятдан фойдаланиб, мўмай даромад олиш истагида бўлган “тадбиркорлар”га қўл келмоқда. Уларнинг айримлари талаб юқори бўлган дори воситаларини ҳеч бир ҳужжатларсиз, қўлда, қиммат нархларда сотишга уринмоқда. Айримлар эса дори воситалари савдосини қонунга хилоф равишда йўлга қўймоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан пандемия шароитида дори воситалари савдоси билан ноқонуний шуғулланаётган кимсалар фаолиятини фош этиб, тегишли қонуний чоралар кўрилишини таъминламоқда.

Хусусан, жорий йил 24 июль куни департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд шаҳридаги Обод маскан маҳалласида яшовчи Қ.Шойимов (исм-фамилия ўзгартирилган) ноқонуний равишда 1 қути “Эргоферон” дори воситасини харидорга қиммат нархда, яъни 185 минг сўмга сотган вақтда ушланган.


Ундан 10 қути 1 миллион 850 минг сўмлик “Эргоферон” дори воситаси ашёвий далил сифатида олиниб, ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Шунингдек, 28 июль куни Нарпай тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда Тотувли маҳалласида яшовчи фуқаро А.С. уйининг ёрдамчи хўжалик хонасида бирор бир рухсат берувчи ҳужжатларсиз ноқонуний равишда дорихона ташкил этганлиги аниқланди. Қонунга хилоф равишда фаолият юритиб келаётганлиги учун “тадбиркор”дан 77 турдаги умумий қиймати 5 миллион 811 минг 700 сўмлик дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган. Олинган воситалар орасида COVID-19 касаллигига қарши курашишда фойдаланиладиган 7 турдаги 530 минг сўмлик дорилар бўлган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, терговга қадар теширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.