Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Танзила Норбоева БМТнинг ЙҲХ бўйича махсус вакили билан учрашди

Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенти раиси Танзила Норбоева БМТ бош котиби ўринбосари, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича махсус вакили Жан Тодт билан учрашди.

Унда Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги масалаларида ҳамкорлик қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича БМТнинг асосий конвенцияларига қўшилиш ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган истиқболли режалар муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, йўл ҳаракати хавфсизлиги муаммоси тараққиётнинг глобал муаммоларидан бири ҳисобланади. Бу муаммо ҳар йили 1,35 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлиб, 50 миллион кишининг турли даражада тан жароҳати олишига сабаб бўлмоқда. Йўл-транспорт ҳодисаси болалар ва ёшлар ўлимининг асосий сабаби ҳисобланади, катта ижтимоий ва иқтисодий оқибатларга олиб келади, бунинг оқибатида кўпчилик мамлакатларда иқтисодий зарар ЯИМнинг 5 фоизигача етади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2018 йилдаги Глобал ҳисоботида таъкидланганидек, Ўзбекистон йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ишлар ҳолати бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчи ўринни эгаллайди. Яъни, йўл-транспорт ҳодисасига учраган 100 минг кишининг 11 нафардан ортиғи ҳалок бўлади.

Томонлар қайд этганидек, Ўзбекистон БМТнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича тўртта конвенцияси иштирокчиси ҳисобланади. Ушбу конвенциялар мамлакатнинг ишончли норматив-ҳуқуқий базасини ва йўл ҳаракати хавфсизлигининг комплекс миллий тизимларини яратишда ўз самарадорлигини исботлади.

Шу муносабат билан БМТ Бош котибининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича махсус вакили Ўзбекистон ҳукуматини йўл ҳаракати хавфсизлиги кўрсаткичларини яхшилашда қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистонни БМТнинг бу соҳадаги яна бир қатор асосий конвенцияларига қўшилишга ва уларни муваффақиятли амалга оширишга чақирди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, учрашув якунида томонлар бу соҳадаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини билдирган.