Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Тинч инқилоб". Нима у? Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятига бир назар

Биз одатда “инқилоб“ деганда давлат тўнтариши орқали бошқарув тизимининг ўзгаришини тушунамиз. Хусусан, 1917 йилдаги аввал буржуа (февраль), кейин коммунистик (ноябрь) инқилоби бизга ёд бўлиб кетган. Кейин дунё жамоатчилиги тинч (Хитой, Малайзия, Вьетнам) ва рангли (Косово, Украина) инқилоблар гувоҳи бўлди. Бир пайтлар коммунистик ғоялар капиталистик бозор муносабатларига номутаносиб деганлар Хитойдаги иқтисодий инқилобга гувоҳ бўлишди. Аслида “инқилоб“ сўзининг маъноси “тубдан ўзгартириш“, “тубдан ўзгариш“ маъносини беради.

Мен Испаниянинг машҳур “Piario ardat“ нашридаги таниқли зиёли Фернандо Месегер мақоласидаги яқинда эълон қилган хулосани назарда тутяпман. У “Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида бугун Ўзбекистон туб ислоҳотлар йўлидан кетмоқда. “Тинч инқилоб“ сиёсатига амал қилиб, аниқ бир мақсад йўлида олға интиляпти“, деб ёзган.

Дарҳақиқат, америкалик шоир ва файласуф Ральф Эмерсон “Ҳар қандай инқилоб даставвал бир кишининг миясидаги фикр бўлган“, деган экан. Инқилоб халқ эҳтиёжига, орзу-умидларига таянсагина кутилган натижани беради ва мамлакат ривожига хизмат қилади.

Хўш, Президент Ш.Мирзиёев бундан икки йил аввал бошлаган инқилобий ислоҳотлар моҳияти нималардан иборат?

Биринчидан, бу иш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларига қатъий амал қилишга қаратилган. Бу ўринда жамиятдаги барча сиёсий кучлар вазифасини аниқ белгилаш ва масъулиятини ошириш, ижтимоий адолатни қарор топтириш, хусусий мулкчиликни, кичик бизнесни ривожлантириш ва шу орқали фуқаролар бахтли ҳаётини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни назарда тутяпман.

Иккинчидан, иқтисодиётни ривожлантиришда дунёдаги илғор, самарали тажриба ва технологияларни олиб келиш, бу борадаги барча бюрократик тўсиқларга барҳам бериш, хориж сармоясига кенг йўл очиш ва ниҳоят, экспорт орқали мамлакат қудратига, аҳоли ҳаёти фаровонлигига эришиш.

Учинчидан, ҳар бир соҳада ошкораликни таъминлаш, аҳолини олиб борилаётган ислоҳотлардан тўла хабардор этиш ва шу орқали улар ижтимоий фаоллигини ошириш. Фуқароларнинг жамиятдаги ўрнини, давлатни бошқаришдаги ролини кучайтириш. Дастурларни халқ муҳокамасидан ўтказиш.

Тўртинчидан, ислоҳотларнинг кўламини кенгайтириш. Бу борада кейинги икки йилда деярли барча соҳалар бўйича қабул қилинган Қонун, фармон ва қарорларни эслаш кифоя, деб ҳисоблайман.

Бинобарин, Ҳаракатлар стратегияси бандлари билан таниш киши бу ислоҳотлар қамровини тез англаб олади.

Бешинчидан, сўз ва иш бирлиги орқали халқ ишончини қозониш. Мисол учун, жойлардаги учрашувлар чоғида аҳоли томонидан билдирилган муаммолар ечимига эришиш. Ёки Президентнинг 2017 йилда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ўртага ташланган масалалар бўйича давлат раҳбари ўз зиммасига олган вазифаларни тўла бажариши.

Хўш, Президент кейинги икки йил ичида мамлакатда нималарни ўзгартира олди? Аниқроғи, халқнинг ўзи, Ватани, келажагига бўлган нуқтаи назарида қандай ўзгаришлар содир бўлди?

Аввало, жойлардаги мулоқотлар, лойиҳалар билан танишишлардан ташқари, ҳар бир фуқаро виртуал тарзда Президентга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди. Нафақат раҳбарлар ва мутахассислар, балки аҳолининг барча тоифаси дастурлар, лойиҳалар юзасидан таклиф билдира бошлади. “Халқ давлатга эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак“ шиори давлат сиёсатининг мезонига айланди. Бу эса бизни давлат ва жамият ҳаётига бефарқликдан қутқаряпти.

Шаҳар, туманларда бошқарувнинг сектор тизимига ўтилиши туфайли ҳар бир хонадонга кириб борилгани кўплаб муаммоларга ечим топди. Халқнинг мурожаатлари ижроси муайян вақтда кўриб чиқиляпти. Бу эса ҳар бир фуқаронинг давлат органларига бемалол, истаган пайтда мурожаат қилишига имкон бермоқда. Яъни, одамларда давлат тимсолида ўз суянчиғи борлигига ишонч уйғонди.

Президент Ш.Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу услуб ҳам ҳали етарли эмаслигини айтди. У киши Халқ қабулхоналари олдига энди мурожаатчиларни кутиб ўтирмасдан бевосита маҳаллага бориб, жадвал асосида хонадонларга кириб, муаммоларни ўрганиб, уларга ечим топиш вазифасини қўйди.

Болалар боғчасига, бошланғич синфга фарзандимизни жойлаштириш, кадастр ҳужжатини тайёрлашда арзимаган муҳр учун идораларда сарсон бўлмаймиз. “Давлат хизматлари маркази“да ишимиз битади. Бу эса давлат тизими ва қудратига ишончимизни оширди.

Давлат ва ҳудудий дастурларга киритилган режаларнинг сўрови борлигига ишондик, энди режаларни шу тартибда рўёбга чиқаришга киришдик, бизнес-режа тузишни ўзлаштирдик.

Прокуратура, ички ишлар, суд идораларига шикоятлар ва талабларни очиқ-ойдин айтяпмиз. Чунки улар халқ депутатлари кенгашлари ва маҳаллаларда ҳисобот беришяпти, жойларда жонли мулоқотлар уюштиришяпти.

Қўшни давлатларга, умуман, хорижга бемалол бориб келяпмиз. Паспорт алмаштиришда навбат ва илтимослар йўқолди. Дунёни кўриш, яхшилардан ибрат олиш, турмуш тарзимизни таққослаш имко­ниятига эга бўлдик.

Деҳқончиликда пахта монополиясидан қутулдик ҳисоб. Энди ерларимизга яхши даромад берадиган, экспортбоп экинлар экяпмиз. Четдан бозор излаш ва топиш тажрибасини ўргандик.

Оила билан бирга саёҳат қилишга, дам олишга одатландик. Ижтимоий дорихоналарда турли гиёҳлардан тайёрланадиган дориворларни истеъмол қилиш амалга кирди.

Судларда оқлов амалиёти қўлланила бошлагач, агар айбимиз бўлмаса, уни исботлай олсак, “буюртма“ жазолар қўлланилмаслигига ишондик.

Мажбурий ижро бюроси фаолияти давомида газ, электр энергияси ва ичимлик суви ҳамда солиқ тўловларини ўз вақтида амалга оширмасак, масъулияти оғир эканини тушуниб етдик.

Азиз муштарий, мен ушбу мақолани аслида мулоҳаза юритишингизга мавзу учун ёздим. Сиз ўз оилангизда, жамоангизда рўй бераётган ўзгаришларни тўла ҳис этяпсизми? Президентимизнинг Мурожаатномаси ҳаётий қўлланма, унда илгари сурилган ғояларни амалга оширсак, жамиятда муаммолар бирин-кетин ҳал этилишини, масалага ечим излаб эшикма-эшик юрмаслигимизни сезяпсизми? Агар ислоҳотлар моҳиятини тушунсак, Президент Ш.Мирзиёев “тинч инқилоби“нинг мазмунини янада тўлароқ англаб етамиз.

Хатларингизни кутамиз.

Фармон ТОШЕВ.