Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Яккабоғлик “фарзанди кўз олдида хўрланган аёл” воқеаси тафсилотлари ойдинлашди

2019 йилнинг 26 октябрь куни “Фарзанди кўз олдида хўрланган аёл” номли сарлавҳа билан фуқаро Шарофат Очилованинг Ўзбекистон Президентига йўллаган видеомурожаати ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Мазкур ҳолат Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан тезкор ўрганилди ва маълум қилинди.

Унга кўра, мурожаат Яккабоғ тумани ИИБ навбатчилик қисмида рўйхатдан ўтказилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари туман ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими инспектори томонидан олиб борилган.

Аниқланишича, терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида фуқаро Собир Очилов кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, 2019 йилнинг 25 июнь кунидан 26 июнь кунига ўтар кечаси ўта маст ҳолатда бўлганлиги сабабли қўшниси Шарофат Очилованинг уйига кирган. Ўз навбатида, С.Очиловни кўрган аёл унга қаршилик кўрсатиб, қўл кўтарган. Шундан сўнг С.Очилов ҳам аёлни бир неча маротаба уриб, уйдан қочиб чиқиб кетган. Ҳолат юзасидан йиғилган ҳужжатлар тўплами орқали С.Очилов қўшни аёлнинг номусига тегиш ва унинг мол-мулкини эгаллашга қаратилган ҳаракатларни содир қилмаганлиги исботланган.

Фуқаро Ш.Очилова ҳам ўзининг дастлабки кўрсатмаларида С.Очилов унинг номусига тегишга қаратилган ҳаракатларни содир қилмаганлигини ва фақатгина унинг танасини турли жойларига уриб, сўнг уйдан қочиб чиқиб кетганлигини баён қилган.

Ҳолат юзасидан тайинланган судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасида Ш.Очилованинг танасидаги жароҳатлар оғирлик даражасига кўра, соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига олиб келмаган, енгил тан шикасти гуруҳига кириши кўрсатилган.

Туман ИИБ ходимлари томонидан ҳолат юзасидан жамланган ҳужжатлар тўплами Яккабоғ тумани прокурори ва маъмурий суди томонидан ўрганиб чиқилгандан сўнг 2019 йил 30 сентябрь куни қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш учун Яккабоғ тумани ИИБга юборилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари Яккабоғ тумани ИИБ профилактика инспектори томонидан олиб борилмоқда.