69 миллион сўмлик тамаки маҳсулотини Қозоғистонга ўтказмоқчи бўлган темир йўл ходимига тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилди

Суд унга 4 йил муддатга озодликни челкаш жазоси (озодликдан маҳрум қилиш эмас) тайинлади. Аммо у ҳукмдан норози бўлиб, ариза берди...

Шариф Азаматов (исм, фамилиялар шартли) асли тошкентлик, 1989 йил 28 ноябрда Янгийўл туманида туғилган. Аҳамиятлиси, у Тошкент темир йўл муҳандислик институтининг сиртқи бўлимида 3-босқич талабаси бўлган.

Ш.Азаматов шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли филиалда поезд электр механиги вазифасида ишлаган.

Хизмат вазифаларига ҳаракатланиш учун тайёрланаётган йўловчи поездларнинг техник ҳолатини кўздан кечириши, аниқланган нуқсонларни таъмирлаш, йўловчи поезди ҳаракатланиши давомида поезд техник ҳолатини текшириб, нуқсонларнинг бартараф этилишини таъминлаб бориш ва бошқалар кирган.

Бироқ у 2019 йил 8 октябрь куни келгусида Қозоғистон Республикасига олиб ўтиш мақсадида ўзи хизмат олиб бораётган туристлар учун мўлжалланган йўловчи поездига юклаш учун Самарқанд темир йўл бекатидаги электр таъминоти дистанциясининг маъмурий биноси ва темир йўл бекати ҳудудини ажратиб турувчи деворнинг ички қисмида кўп миқдорда тамаки маҳсулотларини сақлаган.

Аммо Самарқанд вилояти ИИБ транспортда хавфсзликни таъминлаш бошқармаси жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Ш.Азаматов ушланиб, 7 500 пачка “KENT Blue-8” маркали тамаки маҳсулотлари ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.

7 500 пачка “KENT Blue-8” маркали тамаки маҳсулотлари умумий баҳоси 69 миллион сўмлик бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2020 йил 20 февралдаги ҳукмига кўра, Ш.Азаматовга Жиноят кодексининг 186-1-моддаси 2-қисми “а, г” бандлари билан жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Ш.Азаматовнинг асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги ҳақидаги шикоятига асосан иш жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилди.

Биринчи инстанция суди тушунтиришларига риоя қилинган ҳолда юритилиб, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни, шу жумладан, судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувлари ҳамда ишда мавжуд бошқа далиллар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиб, уларга тегишли ҳуқуқий баҳо берган.

Суд қонуний, асосли ва адолатли тўхтамга келганлиги сабабли унинг ҳукми ўзгаришсиз, шикоят қаноатлантиришсиз қолдирилди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди.