Амакисининг қотилига айланган жиян 18 йил “олди”

Пайариқ тумани Деварак қишлоғида жиян амакисини пичоқлаб қўйди. Бунга нима сабаб бўлганди?

Ҳаммаси Шуҳратнинг (исм-фамилиялар шартли) Жиззах вилоятидан ота уйига, яъни Пайариқ туманидаги Деварак қишлоғига яшаш учун келганидан бошланди. Бу ҳовлида марҳум акасининг ўғиллари ҳам оиласи билан истиқомат қиларди. Қишлоғига қайтган Шуҳрат шу ерда уйланди, ҳовлининг ўзига тегишли жойидан иморат қурди.

Қишлоққа келиб моддий томондан ўзини тиклаб олгач, уйини таъмирлаш учун қорамолларини сотди. Буни эшитган жияни Алижон амакисидан қарз сўраб чиқди. Амаки пулга муҳтож жиянига йўқ демади, сўраган пулини берди.

Пулни олган жиян уни вақтида қайтармади. Шуҳрат бир неча бор қарзни сўради. Аммо Алижон пулни қайтармасдан, пайсалга сола бошлади.

Одамни пул бузади, деганларидек, амаки ва жиянни ҳам ўртадаги пул бир-бирига душман қилиб қўйди. Улар шу масалада бир неча бор ўзаро уришиб ҳам олишди. Жанжални Алижоннинг шу ҳовлида бирга яшайдиган ака-укалари ҳам билишарди. Аммо улар ҳам қариндошларни яраштириш ўрнига, ҳолатни томоша қилиб юраверишди.

Охир-оқибат пулини яхшиликча ололмаслигига кўзи етган Шуҳрат жиянининг уйига хат ташлаб кетди. Хатда тезда олган қарзини қайтармаса, хотини ва қизларини зўрлаши ҳақида таҳдид ва ҳақорат сўзлари ёзилганди.

Алижон хатни амакисининг болаларига кўрсатиб, “бу отангизнинг ёзувими?”, деб сўради. Болалар хат отасига тегишли эканини тасдиқлашди.

Шундан сўнг Алижонда амакисига қарши қасд пайдо бўлди. Ундан ўч олишни режалаштирди. Шу мақсадда уйига спиртли ичимлик ичиб келди. Дастлаб хотини билан жанжаллашди, сўнгра ошхона пичоғини олиб амакисининг уйига йўл олди.

-Амаким қани? – деди йигит янгасига.

-Ҳозир кўчага чиққанди, уйда йўқ, - деди аёл.

Алижон амакисини излаб, қишлоқ қабристони томон юрди. Йўлда уни учратиб қолди. Улар яна пул устида ўзаро жанжаллашди. Шу пайт Алижон амакисининг қўлидан ушлаб, кутилмаганда унинг қорнига, сўнгра кўкрагига пичоқ санчди.

Уларнинг ортидан етиб келган Алижоннинг укалари фожиани тўхтатиб қололмади. Шуҳрат воқеа жойида вафот этди. Қарзини бермаслик эвазига амакисининг умрига зомин бўлган Алижон суд ҳукми билан 18 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ў. МАМАДАЛИЕВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд

вилояти суди раиси ўринбосари.