Бош прокуратура шифокор ҳаётига қилинган суиқасд юзасидан маълумот берди

2019 йил 29 июнь куни соат 10-30 ларда фуқаро Ж.Қ. (1995 йилда туғилган) Жиззах вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази хирургия бўлимига келиб, бўлим мудири Т.Ҳ. (1968 йилда туғилган) 26.06.2019 йилда “эхинокок” ташхиси билан операция қилиши натижасида 2005 йилда туғилган укаси вафот этганлиги сабабли, қасддан ўлдириш мақсадида ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан Т.Ҳ.нинг кўкрагига ва қорин қисмига бир неча марта пичоқ билан уриб, тан жароҳати етказган вақтида бўлим шифокори Б.Ғ. уларни ажратиб қолиши натижасида Ж.Қ. жиноий мақсадини охирига етказа олмасдан  воқеа жойидан қочиб кетган.

Шифокорлар томонидан ўз вақтида кўрсатилган малакали тиббий ёрдам натижасида Т.Ҳ.нинг ҳаёти сақланиб қолинган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Ж.Қ. Зафаробод тумани, “Узун” қишлоғида ушланиб, ошхона пичоғи ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан ўша куннинг ўзида Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ж.Қ тегишли процессуал тартибда ушланган.