Бу йил болалар куни қандай ўтказилади?
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни 1950 йилдан буён ҳар йил 1 июнь санасида бутун дунёда кенг нишонланади. Хўш, нима учун айнан 1 июнь санаси?
1925 йил 1 июнда Женевада бутун дунё бўйлаб болалар фаровонлиги мавзусида конференция ўтказилиб, унда болалар кунини нишонлаш тўғрисида келишиб олинди. Ўша куни хитойлик консул ўз мамлакатидан келган етим болалар учун Сан-Францискода болалар шарафига байрам уюштириб, миллий - "Аждар қайиқлари" фестивалини ўтказди. Бу ғоя дунё ҳамжамиятига маъқул келиб, натижада халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни белгиланди.
Иккинчи жаҳон уруши натижасида дунё бўйлаб жуда кўп ота-онасиз болалар борлиги кўпчиликни ташвишга солди. 1945 йилда Парижда аёллар конгресси ўтказилиб, қатнашувчилар бутун дунёда тинчлик бўлиши, барча болалар келажаги учун курашишга ваъда беришди ва 1 июнга режалаштирилган болалар кунини нишонлашди.
Уруш чоғида ота-онасиз қолган етим болалар ёнига "Ижтимоий етимлик" қўшилди. Болалар уйларига энди ота-онаси бор болалар келиб қўшила бошлади.
Болаларни ҳимоя қилиш кунининг асосий вазифаси болаларнинг таълим олиши, дам олиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши, шахсий дахлсизлиги ва ҳоказолар ҳисобланади. Байрам куни ҳар бир ота-онанинг энг муҳим вазифаси болаларига юқори даражада эътибор қаратишдан иборат. Тўғри, ҳар йили бу кунда шаҳар кўчалари, истироҳат боғлари, болалар ўйин майдончалари ота-оналар ва болалар билан гавжум бўларди. Гўё, олам болаларнинг беғубор қувонч-у шодлигига, табассумига тўлгандек. Бу йил эса байрам ўзгача нишонланади. Коронавирус пандемияси сабаб бу каби тадбирларнинг ўтказилиши вақтинчалик чекланди. Шундай бўлса-да, уйингизда болаларга бўлган меҳрингизни, эътиборингизни намоён этинг. Озгина эътибор уларни дунёдаги энг бахтли инсонга айлантиришини унутманг.
Берилган совғалар болаларга бахт, қувонч ва меҳр-оқибатга ишониш туйғусини уйғотса, буни кўрган фарзандларингиз қалбини меҳр-шафқат ҳислари билан тўлдиради.
Рустам ХЎЖАЁРОВ,
меҳнат фахрийси.