Чет тиллар институтига молиявий мустақиллик берилди. Нима ўзгаради?

2022 йил 1 январдан республикамиздаги 35 та етакчи давлат олий таълим муассасасига молиявий мустақиллик берилди. Шундай ОТМлардан бири Самарқанд давлат чет тиллар институтидир. Хўш, молиявий мустақиллик нима дегани? Бу олий таълим муассасаларига қандай эркинлик беради, қандай масъулият ва вазифалар юклайди? Институт ректори Илҳом Тўхтасинов билан бўлган суҳбатимиз шу ҳақда.

- Илҳом Мадаминович, икки йил аввал Самарқанд давлат чет тиллар институти ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтган эди. Энди институтга молиявий мустақиллик берилмоқда. Бу нима дегани?

- Президентимизнинг 2021 йил 24 декабрдаги қарорида молиявий мустақиллик, академик мустақиллик ва ташкилий мустақиллик деган масала қўйилган. Бунда олий таълим муассасаси пулларни мақсадсиз сарфлай олмайди. Ҳамма масалалар олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Моддий техник базани мустаҳкамлаш, профессор-ўқитувчиларни рағбатлантириш, ҳар бир ходимни қўллаб-қувватлаш, бу бизнинг вазифамиз. Молиявий мустақиллик фарқини айтадиган бўлсак, бизда масалан, талабалар сони 11 минг нафардан ошди. Беш йил олдин талабалар 2 минг нафар эди. Ўтган йили квотамиз икки бараварга кўпайди. 2021-2022 ўқув йилида институтимизга 3200 та квота берилди. Квоталарни белгилаш институтга юклатилган.

Шунингдек, ўқув режа, ўқув дастур, малака талабларини тасдиқлашни ўзимиз белгилаймиз. Бунда хорижий олий таълим муассасаларининг тажрибасидан келиб чиқиб, мос келадиганини татбиқ этамиз. Академик мустақил бўлган олий таълим муассасаларига ўқув жараёнини мустақил белгилаш имконияти бериляпти.

Ўқув давомийлигини белгилаш ҳам ўзимизга юклатиляпти. Масалан, магистратура бизда 2 йил, Америкада 1 йил. Биз эртага магистрларга 1 йиллик магистратурни татбиқ этмоқчимиз. Докторантурага талаб юқори, аммо тўлов-шартнома асосида ўқитилмайди. Биз контракт асосида докторатурага ўқишни жорий этмоқчимиз. Академик мустақилликда қўшимча магистратура таълимининг сиртқи, кечки, масофавий тизимини жорий этиш, қўш малака бериш имкониятлари бериляпти.

Бундан ташқари, олий таълим муассасалари ўртасида академик мобиллик яратиляпти. Бу нима дегани? Масалан, сиз тошкентликсиз, Самарқандда ўқияпсиз. Бешта таълим йўналишини белгилаб, Самарқандга ўқишга кирдингиз, аммо бу ерда ўқиш учун шароитингиз йўқ. Бундай ҳолатда Тошкентда жойлашган олий таълим муассасаси билан Самарқанддаги олий таълим муассасаси ўртасида академик мобиллик бўйича келишув бўлади. Биз Тошкентдан келган талабани олти ой ёки бир йилда Тошкентга жўнатиб, ота-онаси бағрида ўқишини давом эттиришга шароит яратиб берамиз. Бу ҳам талабалар учун яхши имконият.

Шунингдек, олий таълим муассасаларига гриф асосида ўзлари дарсликлар яратиш имкони бериляпти. Биз васийлик кенгаши билан келишган ҳолда ўзимизга керакли дарсликларни ишлаб чиқиб, чоп этамиз. 

- Институт ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтгач, икки йил давомида қандай ишлар амалга оширилди?

- Чекка ҳудудлардаги коллежларимиз таъмирталаб бўлиб қолган эди, уларни таъмирладик. Бундан ташқари, ахборот ресурс марказимизга эҳтиёж жуда катта эди, тўрт қаватли янги ахборот ресурс маркази қуришни бошладик. Шунингдек, бизга бириктирилган Самарқанд шаҳар Гагарин кўчасида жойлашган коллеж биносида бугунги кунда 2,5 минг нафардан ортиқ талаба ўқияпти. У ердаги бинолар таъмирталаб аҳволда эди. Биз васийлик кенгаши билан келишган ҳолда маблағ ажратиб, 600 ўринга мўлжалланган ўқув биносини 1000 ўринга мослаштирдик. Бугун-эрта очилиш маросимига тайёргарлик кўряпмиз.

Бундан ташқари, талабаларнинг турар жойга эҳтиёжидан келиб чиқиб, 600 ўринли талабалар турар жойини икки қаватли замонавий кроватлар билан 870 ўринга айлантирдик. Талабалар турар жойида интернетдан фойдаланиш учун wi-fi, беш ташаббус бўйича мусиқа асбоблари келтирдик, кутубхона ташкил этдик, шунингдек, спорт билан шуғулланишлари учун имкониятлар яратиб беряпмиз. Гагарин кўчасидаги талабалар турар жойида ҳам таъмирлаш ишларини бошлаганмиз. 

Ўтган йили ижтимоий муҳофазага муҳтож 67 нафар талабамизнинг контракт пулини тўлаб бердик. 2020-2021 ўқув йилининг охирида 39 нафар талабанинг бир йиллик контрактини тўладик.

Ўз ташаббусимиз билан иқтидорли, етакчи талабалар, шунингдек, етим, “Темир”, “Аёллар” дафтаридаги талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 348 нафарига янги ўқув йилидан 2 баравардан 3 бараваргача стипендиялар тўлаб бердик. Бу пулларни моддий ёрдам сифатида ажратдик. Молиявий мустақиллик берилгач, бундай имкониятларга эга бўлдик.

- Институтнинг 11 минг нафар талабасига 800 ўринли талабалар турар жойи камлик қилади, албатта. Энди институт ўз маблағлари ҳисобидан ётоқхона, ўқув бинолари қуриш имконига эга бўладими?

- Албатта. Айни пайтда давлат-хусусий шериклик асосида 600 ўринли янги талабалар турар жойи қуриш ишлари бошланган. Ўқув биноларига ҳам эҳтиёжимиз жуда катта. Шу сабабли янги ҳудудимизда 1500 ўринли ўқув биносини қуришни режалаштиряпмиз. Бунга 40 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланади. 

- Институтда квоталар ошгач, ўқитувчиларга талаб ҳам ошиши табиий. Бугун институтда салоҳиятли ўқитувчилар етарлими?

- Салоҳиятли ўқитувчи... Бугун бу жуда нозик масала бўлиб қолди. Нега деганда, талабалар сони ошган сайин салоҳият тушиб боради. Буни мен очиқчасига айтишим мумкин. Бизга осон бўлмаяпти ҳам. Негаки, олий таълим муассасалари рейтинги салоҳият билан ўлчанади. Талабаларни хорижий тилларни ўрганиши учун амалиётчи ўқитувчилар керак. Хориждан келадиган профессор-ўқитувчиларнинг тажрибасига таяниб қоляпмиз. Тўғри, олимлар ва салоҳиятли ўқитувчиларга эҳтиёжимиз бор. Энг катта муаммомиз талабаларга салоҳиятли ўқитувчиларнинг етишмаслиги. Булардан келиб чиқиб, биз олдимизга режа қўйганмиз. Биринчи навбатда магистратурада таҳсил олмоқчи бўлган иқтидорли талабалар сонини кўпайтиряпмиз. Педагогика соҳасида илмий изланишлар олиб бораётган магистрларни устоз-шогирд анъанасига мувофиқ тайёрлаб, ўзимизда олиб қолишни режалаштиряпмиз.

Молиявий мустақилликка эришгач, бизда ўқитувчиларни фақат 1 ставкада эмас, 1,5 ставкагача ишга олиш ҳуқуқи мавжуд. Негаки, ўқитувчилар сони қанча кўп бўлса, салоҳият шунча пасайиб кетади. Шунингдек, фанларни оптималлаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Биз ўқиган пайтимизда 60-75 тагача фанлар ўқитилган бўлса, бугунги кунда 22-35 тагача ўқитиляпти. Ўқув дастурида мутахассислик фанлари қоляпти, номутахассислик фанлари чиқиб кетяпти. Биз ўқув дастурларимизда амалиётни кўпайтиришга ҳаракат қиляпмиз.

- Энди талабаларнинг тўлов-контракт пулларини ҳам ўзларингиз белгилайсизми?

- Талабаларни тўлов-контракт маблағлари, тўлов-контракт шартномаларини ўзимиз мустақил белгилаш ҳуқуқига эгамиз. Масалан, давлат томонидан бугунги кунда бюджетда ўқийдиган бир нафар талабага 14-15 миллион сўм пул сарф бўлади. Бизда контрактда ўқийдиган талабага 6 400 000 дан 7 200 000 сўмгача тўлов белгиланган. Бундан ташқари, контракт миқдорини ошириш ёки тушириш ўзимизнинг ихтиёримизда. Лекин бунда ҳам маълум меъёрлар белгиланган. Сифатли мутахассис тайёрлаш учун хориждан ўқитувчиларни жалб қилмоқчимиз. Ўзимизнинг янги авлод адабиётларини яратмоқчимиз. Чет элдан келадиган ўқитувчи бизни ойлигимизга ишламайди. Шунинг учун унинг маошини кўтариб беришимиз керак. Ёки ўқитувчининг сифатли дарс бериши учун унга устама тўлашимиз керак бўлади.

Бугунги кунда Франция, Америка, Туркия, Япония, Корея, Германия, Миср каби давлатлардан 18 нафар профессор-ўқитувчи жалб этилган. Улар талабаларга сабоқ бериш билан бирга ўқитувчиларнинг малакасини оширишга ёрдам бермоқда.

Ҳали қиладиган ишларимиз талай. Президентимизнинг қарорлари асосида, Самарқанд давлат чет тиллар институтининг концепциясини, чора-тадбирлар режасини яратамиз. Уни 2022 йилда босқичма-босқич жорий этиш ва амалга оширишга жамоамиз билан ҳаракат қиламиз. 

Хуршида Эрназарова суҳбатлашди.