Эркинжон Турдимов тадбиркорлар муаммосини ҳал этди

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг тадбиркорлар билан галдаги учрашувида 26 нафар кичик бизнес субъектининг фаолиятида учраётган муаммоларга ечим изланди.

Жумладан, Ургут туманидан Ж.Сатторов кўмир брикети ишлаб чиқариш учун хомашё олиш, туркиялик тадбиркор Мурат Мустафа Касар сунъий тери ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш ва инвестиция киритиш мақсадида ер майдони ажратиб бериш, қўшработлик Д.Эшонқулов узумзор барпо этиш учун имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам сўради.

– Хориждан наслли қорамоллар келтириш учун хорижий кредит линиясидан 72,9 минг АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит олганмиз, - дейди пастдарғомлик тадбиркор Жасур Михлиев. – Ушбу маблағ эвазига наслли қорамоллар олиб Қозоғистонда карантинда сақлаяпмиз. 7-8 ойдан буён туман ҳокимлиги ва бошқа масъул идораларга мурожаат қилиб ҳеч биридан масалага аниқ ечим ололмадим. Кўп бора мурожаат қилганимдан сўнг туман ҳокимлигидан “Зарафшон” муқобил машина-трактор парки ҳудудидаги лалми ерлардан ажратиб берилишини билдиришганди. Аммо ҳанузгача ердан дарак йўқ.

Учрашувда тадбиркорларнинг шу каби муаммолари жойида ечим топди. Вилоят ҳокими айрим баҳсталаб масалалар бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

Бахтиёр МУСТАНОВ.