Эрон президентлик сайловларида Иброҳим Раиси ғолиб бўлди

Эрон суд ҳукумати раҳбари Иброҳим Раиси президентлик сайловларида ғолиб бўлди, деб маълум қилди ички ишлар вазири Абдолреза Раҳмани Фазли.

"Иброҳим Раиси 17 926 345 овоз тўплаб, Эроннинг ижро этувчи раҳбари ва президенти бўлди", деди Фазли матбуот анжуманида.

Фазлининг сўзларига кўра, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганлар 59 310 307 кишини ташкил этган, шулардан 28 933 004 киши овоз берган.

"Сайловда иштирок этиш 48,8 фоизни ташкил этди", деди у матбуот анжуманида. Аввалги ўн икки президентлик сайловларида ҳеч қачон 50 фоиздан кам бўлмаган эди.

Ундан кейин Моҳсен Резаи (11,7%) 3 412 712 овоз билан, Абдолнасер Ҳеммати - 2 427 201 овоз (8,3%), Ҳусайн Газизаде Ҳошимий 999 718 (3,4%) овоз олди, деди у.

Қолган 3 726 870 та овоз ҳақиқий эмас деб топилди.