Эронда ҳалокатли қор кўчкиси рўй берди

Теҳрон яқинидаги Элбурс тоғларида бир нечта катта қор кўчкиси юз бериб, камида 10 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Эрон альпинизм федерацияси тиббиёт қўмитаси раҳбари маълумотига асосланиб Эрон матбуоти хабар бермоқда.

Бедарак йўқолган яна бир неча кишини қидириш давом этмоқда. Қутқарув гуруҳлари вертолётлар ёрдамида қидирувни давом эттирмоқда. Сўнгги бир неча кундан буён Эроннинг бир қатор минтақаларида тўхтовсиз қор ёғмоқда.

Пойтахт аҳолиси орасида машҳур бўлган тоғ чанғиси курортлари айнан Элбурс тоғларида жойлашган. Бу ерда қор кўчкиси камдан-кам рўй берган. Охирги ҳалокатли воқеа 2017 йилда содир бўлган эди. Ўшанда ўн бир киши вафот этган.