Эзгу хаёллар қудрати ёхуд кайфиятни кўтариш усули
Киши ҳаётини ўй-хаёлларсиз тасаввур этиш қийин. Балки тушимиз уйқудаги хаёлларимиздир? Агар ўй-хаёллар чалғитиб турмаса, билмадим, одам зерикишдан нима қилган бўларди. Ҳаётимиз учун шунчалар аҳамиятга эга экан, нима у – хаёл, қандай пайдо бўлади? Мияда тутган ўрни, ақл билан муносабати нечоғли эканини биламизми? Гоҳида кишини хаёллар бошқариб турса керак, деган ўйга ҳам бораман. Лекин ақл деган тушунчани кўпроқ билганим учун хаёл ундаги бир жараён бўлиб туюлади менга. Мулоҳазалар фикримни шунчалар чалкаштириб юборадики, охири хаёлни мўъжиза - Яратганнинг ғаройиботларидан бири эканини тан оламан. Уни одамзотга ўз-ўзини ва оламни англаши учун берилган имконият, илоҳий неъмат дегим келади.
Чуқурроқ фикр юритилса, дарҳақиқат, инсонни хаёллари бошқариб турганига ишониш мумкин. Чунки амалга оширмоқчи бўлган ҳар қандай ҳаракатимиз, аввало, хаёл кўзгусида гавдаланади. Бу оний лаҳзаларда рўй берса ҳам шундай экани маълум. Ҳатто тилга чиқармоқчи бўлган гапимиз ҳам биринчи навбатда кўнглимиздан ўтади. Кўпинча буни пайқамаймиз. Майли, гап бунда эмас, мақсадимиз хаёл сурганда нималарга эътибор беришни тушуниш, холос. Хаёл суришнинг қандай кечишини аниқлаш эса фаннинг вазифаси.
Инсон ҳолати миясида чарх урадиган ўй-хаёлларига боғлиқлиги тажрибада исботланган. Руҳиятда содир бўладиган жараёнга инсон таъсирини кўрсатишга қодир экан. Яъни руҳият аҳволимиз қандайлигини белгилайдиган бўлса, демак, уни ўзгартиришимиз, ҳолатимизни бошқаришимиз мумкин. Ҳамма гап бу имкониятдан қандай фойдаланишимизда.
Хорижда қизиқ бир тажриба ўтказилган. Газетага ходим кераклиги ҳақида эълон берган бир ташкилотга мутахассислиги тўғри келадиган 20 кишини икки гуруҳга ажратиб суҳбатга юборишган. Биринчи гуруҳга кирганларда таклиф этилган ишга ўзларини олишга гумон, тўғрироғи ишга ё ўтаман, ёки ўтмайман деган хавотир, айримларида эса, ҳатто мени бу иш жойига олишмайди, деган ҳадик бўлган. Иккинчи гуруҳ вакиллари эса мазкур бўш жой ўрнига аниқ мен ўтаман деган ишончда бўлган. Танлов якуни ҳайратланарли натижани кўрсатган, яъни биринчи гуруҳдагиларнинг бирортаси белгиланган ишга ўтишга лойиқ топилмаган. Иккинчи гуруҳдагиларнинг аксарияти эса таклиф этилган ишга тўғри келгани аниқланган. Бу тажриба ишга қабул қилишда эмас, ўзгалар фикрини билиш учун уюштирилган бошқа ўзаро муносабатларда ҳам синаб кўрилган, натижа эса бир хил, юқоридаги ҳолат такрорланган. Демак, шундай хулосага келинганки, кишиларнинг руҳий ҳолати ўзгаларга таъсир этибгина қолмай, кўнглидаги истакни амалга ошириши мумкин бўлган одамнинг ўзига хайрихоҳ бўлишига ҳам ундайдиган қандайдир боғлиқлик ҳам пайдо бўларкан.
Халқ орасида ҳар гапга фаришта омин дейди, деган гап юради. Ўйлаган нарса амалга ошади деб бежиз айтилмаган. Албатта, бирор иш билан машғул бўлсак, фикримиз бажараётган ишга боғлиқ бўлади. Диққатимиз амалга ошираётган ишимизга қаратилган бўлса, меҳнатимиз баракали, аксинча чалғиса, унда унум бўлмайди. Демак, ишимизнинг қандай кечиши ва қандай бўлиши ҳам хаёлларимизга боғлиқ бўларкан.
Агар айтган гапимиз, ўйлаган фикримиз амалда содир бўлиши мумкин бўлса, нега яшашга бўлган муносабатимизни шунга мосламаймиз? Ахир барчамиз ҳаётимиз яхши бўлишини истаймиз-ку. Кунлар хурсандчилик билан ўтишини ким хоҳламайди? Кайфиятни ўй-хаёллар билан ўзгартириш мумкин экан, нега шу оддий усулни ўзимизда қўлламаймиз? Нега ҳолатимизга салбий таъсир этадиган ёмон хаёллар билан миямизни заҳарлашимиз керак? Ҳасад, ўзгани кўролмаслик, бошқаларга ёмонлик тилаш каби жирканч хаёллар билан банд бўлган кишини унинг афт-ангоридан ҳам сезиш мумкин, унинг башараси тунд, нигоҳи сўниқ, ҳаракатлари суст бўлади. Ўзига ва бошқаларга эзгу ниятда бўлган кишилар эса қаерда бўлишмасин ярқ этиб кўзга ташланади. Чунки уларнинг юзидан нур ёғилиб туради, кўзларида ёрқин бир ўт бор, чақнаб туриши шундан, ҳатто бир жойда ўтирган бўлишса-да, уларнинг ҳаракатчан, тетик инсон эканлиги сезилиб туради.
Инсоннинг ҳолати унинг қандай хаёл сураётганини маълум қилиб турар экан, биз беихтиёр яхши хаёллар оғушидаги инсонга ўхшагимиз келади. Келинг, мудом яхши нарсалар ҳақида хаёл суришни одат қилайлик. Кайфиятингизни кўтарадиган хотираларингиз бисёр, ўшаларни эсланг. Ёлғиз қолган дамларда ҳаётингизнинг энг фаровон дамларини хотирланг. Умрингизни янада завқли ўтишига замин тайёрлайдиган эзгу орзуларга берилинг. Агар шундай қилсангиз, ёмон хаёллар суриш одати сизни буткул тарк этади ва энди кўнглингизда ҳамиша кечадиган яхши ниятларингиз сизни эзгуликка, демак камолот сари етаклайди. Мудом эсингизда тутинг, фақат эзгу ниятли кишилар бахтга эришганлар.
Хуршид НУРУЛЛАЕВ.