Фолбиннинг гапига кирган йигит хотинини азоблаб, ажрашиб кетди

Иброҳим Усмонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган), гарчи олий маълумотли бўлса-да, ўзини маданиятли инсон, деб ҳисобласа-да, қалбида ниш урган жаҳолат уни тубан кимсалар қаторига қўшиб қўйиши мумкинлигини ўйлаб кўрганмикан?

У кейинги вақтларда негадир хотини Маҳлиёдан шубҳаланадиган, уни асоссиз рашк қиладиган бўлиб қолди. Ҳар нарсанинг меъёри бўлгани яхши. Шу жумладан, рашкнинг ҳам. Шубҳа-гумонлар боис, уйидан уруш-жанжал аримай қолди. Рўзғордан барака кўтарилди, деб ёзмоқда “Ургут садоси”.

Ўша куни болалар тўйга кетган, уйда Иброҳим ва Маҳлиёдан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Йигит янги дийдиёсини бошлади:

- Менга нима учун хиёнат қиляпсан?

- Хиёнат қилмаяпман, дадаси. Қаердан оляпсиз бу гапни?

- Алдама! Мен сен ўйлаганчалик гўл эмасман!

Хуллас, ади-бади айтишувлар эркакнинг ожизага қўл кўтариши, хўрлаш ва қийноқлар билан давом этди.

- Сен мени шарманда қилдинг, болаларимнинг келажагини барбод қилдинг, бу уйда яшашга ҳаққинг йўқ!

Иброҳим шундай дея хотинини судрай бошлади. Кейин эса гумонларини ўзича асослади:

- Фалончи фолбиндан сен ҳақингда сўрадим. У сенинг енгилтаклигингни айтди. Сен унга ишонасан-ку, ихлос қиласан-ку!.. Мана, овозини эшитиб кўр!

Йигит фолбиннинг Маҳлиё ҳақида айтган гапларини (аудио ёзувни) телефонидан қўйиб берди.

Ожизанинг йиғлаб-сиқташлари кор қилмади. Иброҳим унинг оёқ-қўлини боғлаб, устидан қайноқ сув қуйишдек шафқатсизликкача борди. Имконияти бўла туриб, хотинини шифохонага олиб бормади. Кейинроқ Маҳлиёнинг онаси ва укаси келгач, уни шифохонага элтишди.

Ажралишдан ўзга чора қолмади. Бир оила парокандаликка юз тутди...

Жиноят ишлари бўйича Ургут туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида мазкур жиноий ишга ҳуқуқий баҳо берилди. Айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб, ишни оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи барча жиҳатлар кўриб чиқилди.

Суднинг ҳукми билан И.Усмонов озодликдан маҳрум этилди.

Жаҳолат инсонни не кўйларга солишини мушоҳада этиш шунчалар мушкулми?..

Акмал Аҳмадов,
жиноят ишлари бўйича

Ургут туман суди судьяси.