Ҳокимларнинг ер ажратиш тўғрисидаги 113 та қарори прокурорларнинг протест ва тақдимномалари билан бекор қилинди

2019 йил вилоятимиздаги фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан 330 645 тонна бошоқли дон, 178 087 тонна пахта хом ашёси етиштирилди. Мева-сабзавот ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ўтган йилларга нисбатан анча ошди.

Бундан ташқари, 1099 гектар ерда янги токзорлар барпо қилиш ва уларда сув тежайдиган ускуналар жорий қилиш учун қайтармаслик шарти билан ташаббускорларга 7.3 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш соҳасида берилаётган бу каби имтиёз ва преференциялардан фойдаланиб, рўзғорини обод қилаётганлар билан бирга, ерни ноқонуний эгаллаб, сотиб бошқалар ҳисобидан бойлик орттириш истагида бўлганлар ҳам учраб турибди.

Ими-жимида пулладим, деганлар қаттиқ янглишишди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан жойларда мавжуд экин майдонлари хатловдан ўтказилди.

Бунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, прокуратура, ер ресурслари ва давлат кадастри, агроинспекция ходимлари, маҳалла раислари, профилактика инспекторлари ва бошқа тааллуқли идоралар, шунингдек, жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилган.

Хатлов жараёни айрим ҳудудларда ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳисоботларда акс эттирилаётган кўрсаткичлардан бир мунча ортиқлиги, асосийси, яқин даврларда барчага хизмат қилган кўплаб экин майдонлари айрим фуқаролар томонидан эгаллаб олиниб, ноқонуний тарзда қурилиш қилинаётгани кузатилди.

Жумладан, вилоят бўйича 2482 ҳолатда суғориладиган 436,3 гектар экин майдонида ўзбошимчалик билан турар-жой қуриб олганлик ҳолати аниқланган. Шунингдек, 199 та ҳолатда 240,8 гектар ердан ўз билганича фойдаланиб келинган, 199 ҳолатда эса 1056 гектар ер ноқонуний ажратилган.

Қонунбузилиш ҳолатларига қандай чоралар кўрилди?

Ўтказилаётган текширувлар давомида ўзбошимчалик билан эгалланган 216,9 гектар ер майдонларини бўшатиш ва ноқонуний қурилишларни буздириш тўғрисида судларга 1549 та даъво аризалари киритилди. Шунингдек, ўзбошимчалик билан эгалланган 10,6 гектар ер ҳокимликлар захирасига қайтарилди.

Туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан 570,8 гектар ер ажратиш тўғрисидаги 113 та ноқонуний қарорлар прокурорларнинг протестлари ва тақдимномалари билан бекор қилиниб, қонун устуворлиги амалда таъминланди.

Ҳуқуқбузарларга нисбатан ўнлаб ҳолатларда маъмурий қамоқ ва жаримага тортиш чоралари қўлланилди. Ҳуқуқбузарликлар келиб чиқишига йўл қўйган ва бевосита ерларнинг ноқонуний эгаланишида айбдор бўлган шахсларга нисбатан 18 та жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида ҳосилдор ерларни ишдан чиқарган шахслардан 636,3 миллион сўм зарарлар ундирилди.

Ерларни ноқонуний эгаллаш ҳолатларининг олдини олиш ва аниқлаш бўйича хатлов ишлари изчил давом эттирилади.

Хулоса қилишга вақт бор

Қайд этиш лозимки, бугунги кунда ердан фойдаланишнинг аҳволини аэрокосмик тасвирга олиш тизими жорий қилинган, ушбу кузатув тизими уй-жой қуришга ер участкаси ажратишда ҳам қўлланилмоқда. Яъни, ердан фойдаланишга доир ҳар бир ноқонуний хатти-ҳаракат ўз вақтида аниқланади.

Бундан ташқари, 2019 йилда Жиноят кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида ерларни ноқонуний эгаллаш ҳолатлари бўйича жавобгарлик чоралари кучайтирилди.

Бу ўзгаришлар доирасида ерни ихтиёрий қайтарган ва унинг оқибатларини бартараф этган шахсларга, агарда улар томонидан ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф қилиш учун фаоллик кўрсатилганда, жавобгарликдан озод қилиш тартиби жорий қилинган.

Улуғбек ҲАМДАМОВ,

Самарқанд вилояти прокурори ўринбосари.