Ибратли воқеа: Вафот этган ота-онасига ҳадялар жўнатиб турган сувчи
Ривоят қилишларича, бир шаҳарда сувчи яшаган экан. Тоат-ибодати, одобу ахлоқи билан одамлар орасида ном чиқарган бу одам ҳар пайшанба кечаси топган пулларидан вафот этган ота-онасининг руҳларига садақа қилиб турар экан.
Шу билан бирга ҳар намозида уларнинг руҳларига дуои хайрлар қилишни ҳам канда қилмас экан. Бу вазифаларини ҳеч қачон бузмасликка аҳд берибди.
Бу ишидан ҳам ўзи, ҳам ота-онасининг руҳлари шод бўлганидан мамнун юрган сувчи бир куни ноқулай аҳволга тушиб қолибди. Кунлардан бир кун ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам ҳеч иши юришмабди, жума кечасига келиб, садақа қилиш учун бирор тийини қолмабди. Натижада чуқур ғамга ботиб, Аллоҳга ич-ичидан ниёзда бўлибди. Ваъда берган назрини нима бўлишини, уни қандай адо этишни билиш учун олимнинг ёнига борибди.
- Мен ҳар пайшанба кечаси топган пулларимдан вафот этиб кетган ота-онамнинг руҳларига ҳадялар жўнатиб туришга назр қилган эдим. Бу сафарга келиб мен пул топа олмадим. Энди бу аҳдимни адо қилиш учун нима қилсам дуруст бўлади, - деб сўрабди олимдан.
- Кўп қайғурма, болам. Ниятинг хайрли экан, Аллоҳ ҳам сенга тўғри йўлни кўрсатади, иншоаллоҳ, - дебди. Кейин йигитга қараб. - Ҳозир пишиқчилик пайти. Кўча-кўйдаги қовун, тарвузларнинг пўчоқларини йиғиб, от ва эшакларга, мол-қўйларга олиб бориб бергин.
Йигит олимнинг даргоҳидан кўнгли таскин топгандек, бироқ бу ишининг ота-онасига нима фойдаси борлигини умуман тушунмаган ҳолда чиқиб кетибди. Лекин олимнинг айтганларини қилишга қарор қилибди. Кун келиб жума кечаси бўлибди. Кундалик ишларини бажариб, тоат-у ибодатларини адо қилиб, дам олиш учун ётибди. Ўша кеча тушига ота-онаси кирибди:
- Эй, ўғлим! Ҳар жума кечаси бизга ҳадялар юбориб, икромлар қилиб турардинг. Лекин анчадан буён қовун-тарвузларни хоҳлаб турган эдик. Аллоҳ сендан рози бўлсин! Бу кеча бизга қовун ва тарвуз икром қилдилар. Сен ҳайвонларга қовун-тарвузларнинг пўчоғини берибсан, Аллоҳ бизга жаннатининг қовун ва тарвузларидан икром қилди, - деб айтибди.
«Биррул волидайн ва ҳуқуқуҳума» китобидан