Ишчи гуруҳ келди – нима ўзгарди? Намунали жойни кўрсатамиз, камчиликни яширамиз, охир-оқибат барчамиз ютқазамиз
Шу кунларда ишчи гуруҳлар кўпайиб кетмадими – куз-қиш мавсумига тайёргарлик, янги ўқув йилига тайёргарлик, пахта йиғим-теримига тайёргарлик, қурилиш ишлари сифатини-ю тиббиёт муассасалари ҳолатини ўрганувчи гуруҳлар. Яна биз билмаган қанча “гуруҳ”лар бор...
Бундай ўрганиш ишлари олиб борилгани яхши. Берилган топшириқнинг ижроси, мавсумга қай даражада тайёргарлик кўрилгани ойдинлашади. Лекин бир жиҳат одамни ўйлантиради-да – нега ишчи гуруҳ келса энг яхши корхона, маҳалла, кўча, оила, мактаб, хуллас, намуналиларни кўрсатамиз?
Хоҳ пойтахтдан, хоҳ вилоят ёки тумандан бўлсин, мутасаддилар ибратли ишни эмас, камчиликни кўриш, уни тузатиш йўлларини топиш учун келмайдими? Яхшининг иши шундай ҳам маъқул, уни кўрсатиш шарт эмас (тажриба ўрганиш учун келган бўлса бошқа гап! Аммо ишчи гуруҳларнинг аксарияти вазиятни ўрганиб, муаммо ва камчиликларни аниқлаш ва кейинчалик уларни бартараф этиш учун тузилади). Ундан кўра, муаммоли ҳолатлар кўрсатилса, таҳлил этилса, камчиликларни тузатиш учун ёрдам сўралса яхши эмасми?
Намунали жойни кўрсатиб, ўзимизнинг камчилигимизни ўзимиз яширамиз – “бизда ҳаммаси яхши, ҳамма топшириқлар бажарилган”, деймиз. Ишчи гуруҳга ҳам шу керак. Тепага қанча кам муаммо олиб чиқилса, шунча яхши, берилган топшириқлар бажарилмоқда. Кейин ўрганиш якунлари бўйича узундан-узун маълумот тайёрланади. Қарор, фармойиш, буйруқлар номма-ном келтирилиб, уларнинг ижроси “таъминлангани” баён этилади. Маълумотнома охирида хўжакўрсинга “айрим кичик камчиликлар аниқлангани”, уларни бартараф этиш учун мутасаддиларга топшириқ берилгани ёзилади.
Яна кўп ҳолларда “катта”лар кичик раҳбарларга “юқоридан одам келиб ўргангани билан, камчилигингни улар эмас, мен ҳал қиламан, шунинг учун “маълумотнома”сини яхши деб ёзиб кетсин, кейин ўзимиз масалаларингни кўрамиз”, дейди. Кичик раҳбарнинг ҳам жони нечта – “комиссия”дан айланиб-ўргилади, уларнинг кўнглини олишга ҳаракат қилади, яхши жойларни кўрсатади ва “гап тегмайдиган” маълумотнома тайёрланади.
Тамом, шу билан ишчи гуруҳ кетади.
Айтинг, бундай ўрганишдан кимга, нима наф? Биз раҳбарларни алдаяпмизми ёки ўзимизними? Муаммони яширишдан мақсад нима? Бундан ким ютади? Борингки, бир-икки киши манфаатдор бўлар, лекин охир-оқибат барчамиз ютқазамиз-ку?!
Бу ҳақда қачон ўйлаб кўрамиз?
Ғ.ҲАСАНОВ.