Жомбой ўрмон хўжалигида киви етиштирилади

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 августдаги «Республикада ўрмонлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган ерларини ижарага бериш тизими йўлга қўйилган эди. Шунга кўра, 2020 йилнинг январь – сентябрь ойларида 29 минг гектардан ортиқ ер майдони 1561 та жисмоний ва юридик шахсларга инвестиция киритиш ва янги иш ўринлари яратиш шарти билан 49 йил муддатга ижарага берилди.

  “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент қарори билан эса ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва бу фаолият билан шуғулланувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020-2022 йилларда ўрмон фонди ерларини ижарага олган ижарачиларга фаолият йўналишига қараб 1 йилдан 10 йилгача бўлган муддатда ижара тўловининг “ноль” ставкасини қўллаш тизими йўлга қўйилди.

  Бундай имконият ва имтиёзлар ўрмон хўжаликларининг фаолиятини янада такомиллаштириш билан бирга мазкур тармоқда хусусий секторнинг ўрнини кенгайтириш, шу фаолият билан машғул юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатдорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

  – Одатда, ўрмон хўжаликлари ҳақида гап кетганда кўпчилик фақат мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштирадиган, парваришлайдиган, табиатнинг маълум ҳудудларини муҳофаза қилиш билан шуғулланадиган тармоқни тушунади, – дейди “Жомбой” давлат ўрмон хўжалиги бош ўрмонбеги Жалолиддин Йўлдошев. – Лекин бундай хўжаликларда ҳам қишлоқ хўжалигининг кўплаб йўналишлари бўйича маҳсулот етиштириш, ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш имконияти мавжуд. Тан олишимиз керак, шу пайтгача тармоққа етарли даражада эътибор берилмагани сабабли ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланилмади, ҳар бир хўжалик ўзича фаолият олиб борди. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар эса ўрмон хўжаликларини “уйғотди”, соҳага замонавий бошқарув тизимлари жорий этила бошланди. Жумладан, бизнинг хўжалигимиз фаолияти ҳам янгича мезонлар асосида ташкил этилмоқда.

  “Жомбой” давлат ўрмон хўжалиги катта ҳудудни эгалламаган – 1500 гектардан ортиқ майдони бор. Бу ерларнинг ҳам 520 гектаридан фойдаланилади. Хўжалик асосан, теракчиликка ихтисослашган. Шунингдек, 30 хилдан кўпроқ манзарали дарахт кўчатлари, 10 турдан ортиқ мевали кўчатлар етиштирилаётган экан.

  – Шу пайтгача фақат қурилишбоп теракни кўпайтирганмиз, – дея сўзида давом этади Ж.Йўлдошев. – Энди эса бошқа манзарали дарахт кўчатларини тайёрлаш ва ўстиришга эътибор қаратяпмиз. Мисол учун, ҳозир хўжалигимизда Элдор ва Қрим қарағайи, каштан, павлония, оқ қайин сингари камёб дарахт кўчатлари ўстираяпмиз. Бундан ташқари, ҳудудимизда 15 хил доривор ўсимлик парваришланади. Кейинги пайтда бу йўналишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши туфайли ўтган йил 40 гектар майдонда доривор экинлар, буталар экдик. Жумладан, 4,5 гектар ерда заъфарон плантацияси ташкил этдик. Бошқа экинларга нисбатан меҳнати оғирроқ, парвариши алоҳида эътибор талаб қилса-да бундан яхши даромад олиш мумкин экан. Хўжалигимиз аъзолари бундай доривор ўсимликлар парваришини ҳам яхши ўзлаштириб олмоқда.

  Янги тизим асосида бугунги кунда ўрмон хўжалиги ҳудудидан 112 гектар ер майдони ижарага берилиб, 10 инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, асаларичилик комплекси барпо этиш учун “Орзу Олим Дилмурод” фермер хўжалигига 1 гектар ер ажратилган. Кореялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда фаолият олиб борадиган “KJ-agro walnut” масъулияти чекланган жамияти эса 30 гектар майдонда замонавий технологиялар асосида интенсив ёнғоқзор, унаби ва киви  етиштиришга киришган. Шунингдек, иссиқхона ташкил этиш учун яна бир тадбиркорга 7 гектар ер майдони ижарага берилди.

  Хўжаликнинг ўзи ҳам 15 гектар ерда заъфарон ўсимлиги, павлония ва бошқа кўчатлар етиштириш плантациялари ташкил этиш лойиҳаларини тайёрлаган.

  Умумий қиймати 19 миллиард 730 миллион сўмлик ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан 300 га яқин янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.

Дарвоқе, давлат раҳбарининг қарорига кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб ижарачилар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида рўйхатдан ўтган ишсиз шахсларни ишга қабул қилган тақдирда, уларга иш ҳақи тўлаш харажатларини қоплаш учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 6 ой давомида ўртача иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, бироқ ҳар бир ой учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробаридан ошмаган миқдорда субсидия тўланади. Шунингдек, ижарачиларга сув тежовчи суғориш технологияларини ўрнатгани учун ҳам харажатларнинг бир қисми қоплаб берилади.

  Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ.