Ливанда намойишчилар шаҳар ҳокимлиги биносини ёқиб юборди

Ливаннинг шимолидаги Триполи шаҳрида коронавирус пандемияси сабабли карантин муддатининг узайтирилишига қарши намойишчилар шаҳар ҳокимлиги биносига ёқилғи тўлдирилган шишалар улоқтиришди.

Намойишчилар бинога ёқилғи тўлдирилган шишалар улоқтирган ва бино аланга олган. Таъкидланишича, полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланмоқда. Вазиятни барқарорлаштириш учун армия жалб этилган.

“Аввалроқ намойишчилар полиция ходимларига жанговар гранаталар улоқтиришгани ҳақида хабар берилган эди. Натижада тўққиз нафар ҳуқуқ-тартибот ходими жароҳат олди, улардан бирининг аҳволи оғир”, дея хабар беради Ливан ички ишлар вазирлиги.

Ливан Қизил Хоч ташкилоти Twitterдаги саҳифасида айтилишича, тўқнашувда 82 киши жароҳат олган. "Ўн беш жабрланувчи касалхоналарга ётқизилди, яна 67 кишига ёрдам кўрсатилди".

Триполидаги тартибсизлик ва тўқнашувлар учинчи кун давом этмоқда. Фуқаролар ҳукуматдан яшаш шароитларини яхшилаш ва комендантлик соатини бекор қилиш чораларини кўришни талаб қилмоқда.