Масхарабоз-шоумен Украинага президент бўладими?
Украиналик телебошловчи ва актёр Владимир Зеленский мамлакат президентлиги учун ўтаётган сайловолди курашларининг биринчи босқичида ғолиб чиқди. Дастлаб у ўз номзодини мамлакат президентлигига қўйганида кўпчилик худди кинодагидек рол ўйнамоқда, деб ўйлаганди. Чунки у “Халқ хизматкори” комедиясида оддий ўқитувчиликдан то мамлакат президенти лавозимигача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтган қаҳрамони ролини қотириб ўйнаб қўйган эди.
Хўш, бу номзод аслида ким? У нима учун бундай юксак лавозимда ўтиришни истаб қолди? Нима учун украин халқи сиёсат бобида тажрибасиз бўлган оддийгина бошловчини ўзларига раҳбар қилиб қўйишни истамоқда?
2000 йилларнинг бошида Россиянинг «Қувноқлар ва зукколар» (КВН) телеўйинининг олий лигасида Украина шарафини ҳимоя қилган «95 квартал» жамоасига ёш истеъдод эгаси Владимир Зеленский сардорлик қиларди. Кейинчалик КВН раҳбари В.Масляков билан келишолмай, жамоаси билан ўйинни тарк этди. Киев шаҳрида «95 квартал» номли ижодий студияни ташкил этиш билан бирга ўз қобилиятини телеканаллардаги қатор шоу ва кўрсатувларда бошловчи сифатида намоён қила бошлади. Унинг “Inter” телеканалида намойиш этиладиган «Тунги квартал»и Украина телекўрсатувлари ичида рейтинги жуда юқорилаб кетди.
2019 йилнинг 1 январида «Тунги квартал»нинг янги йил байрами сонида Зеленский президентликка ўз номзодини қўйишга қарор қилганини айтди. Айнан шу кундан бошлаб худди “Халқ хизматкори” фильмидаги қаҳрамонига ўхшаб мамлакат етакчиси бўлиш орзусини амалга оширишга ҳаракат қила бошлади. Натижада уч ой ичида қарийб 40 нафар президентликка даъвогарлар орасида энг рейтинги баланд номзодга айланди. Улар орасида таниқли сиёсатдонлар, бизнесменлар, собиқ бош вазир Ю.Тимошенко ва амалдаги президент П.Порошенколар ҳам бор.
Амалдаги президентнинг дастлабки босқичда нисбатан кам овоз олгани табиийки, мамлакатнинг бугунги кундаги аҳволи билан боғлиқ. Кўпгина украин сиёсатчилари унинг иккинчи турдан нарига ўтолмайди деган фикрдалар. Чунки у нафақат аёл-сиёсатчи Ю.Тимошенко балки В.Зеленскийга ҳам имкониятни бой бериб қўйди.
Бу ерда Россиянинг ҳам ўз «номзоди» бор – тадбиркор Юрий Бойко сайловлар арафасида Москвага келиб Россия бош вазири Д.Медведев билан табиий газ масаласида учрашди. Аммо, унинг сайловларда ғалаба қозониш имконияти жуда паст. Дастлабки саралашда у бор-йўғи, 10 фоиз овоз билан 4-ўринда қолди. В.Зеленский нафақат мамлакат Президенти П.Порошенко, ҳатто 15 йилдан бери мамлакат етакчиси бўлишга уриниб келаётган Ю.Тимошенкодан ҳам очколарни юлиб олди.
Украина халқи В.Зеленскийга эски ва шум сиёсатдонларга қарши бош кўтариб чиққан янги ном сифатида овоз беришди. Одамлар унинг машҳурлиги учун эмас, балки, мамлакатни ночор аҳволга солиб қўйган ҳозирги президентдан безор бўлганлиги учун ҳам «янги номзод»га овоз беришмоқда. Чунки бугун Порошенко мамлакатни ҳалокат ёқасига олиб келди. Аҳоли жон бошига ЯИМ даражаси жаҳонда 130-ўриндан ҳам пастга тушиб кетганлиги, қашшоқликдан қийналган украинларнинг иш излаб хорижга оммавий тарзда чиқиб кетиши бунга сабаб бўлган бўлса, не ажаб.
В.Зеленский сўзга чечан, серғайрат, энг қийин вазиятдан ҳам чиқиб кета оладиган тажрибали шоумен бўлса ҳам шу пайтгача сиёсатга умуман аралашмаган. Кўпчилик уни АҚШ президенти Д.Трампга ўхшатишмоқда. Чунки, уларнинг иккиси ҳам ишбилармон. Тўғри, турли йўналишларда тадбиркорлик қилишади, аммо якунда иккаласи ҳам ғолиб бўлади. Зеленский ўз студиясини россиялик ижодий ҳамкорлари ёрдамида клип, кино ва турли телесериаллар «ишлаб чиқарадиган» йирик корхонага айлантирди. Шунингдек, у мамлакатда машҳур бўлган «Интер» телеканалининг бош продюссери сифатида ҳам танилган. Энг муҳими, Зеленский ҳам Трамп каби сиёсатдаги ишларини жамоасиз, нолдан бошлашган.
Аммо, барибир, улар ўртасида фарқ бор. АҚШ президенти сайловларда фақат ўзи ҳаракат қилган бўлса, украиналик номзоднинг таянчи украиналик олигарх Игор Коломойский турибди. Уларни ўзаро ҳамфикрлилик боғлаб турибди. Олигарх ҳозир П.Порошенко билан бир-бирига душманлик ҳолатда. Чунки Президент ундан уруш бошланган 2014 йилда Днепропетровск шаҳри раҳбарлигини олиб қўйган эди. Кейинчалик Украинадаги йирик банкларидан бири бўлган «Приватбанк»ини Коломойский тасарруфидан чиқариб юборди. В.Зеленскийнинг ғалаба қозониши йўқотилган мулкларини қайтариб олиш ва сиёсатда ўз ўрнини топишда ёрдам бериши мумкин.
Савол туғилади, агар масхарабоз-шоумен президент бўлса, ҳозирда мамлакатни ўзаро бўлиб олган корчалонлар билан муаммоларни қандай ҳал қилади? Россия билан муносабатлар-чи?
Сўнгги пайтларда В.Путин Россияни жаҳон ареналарида доимо танқид қилиб келган П.Порошенконинг қўнғироқларига жавоб бермай келаётганди. Энди-чи, Россия етакчиси узоқ йиллар давомида у олиб бораётган сиёсат устидан кулиб келган масхарабоз билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлардек жиддий гаплаша оладими?
Буни эса жорий йилнинг 21 апрель куни Президентликка сайловларнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтгач билиб олишимиз мумкин. Агар у ғолиб бўлган тақдирда ҳам ёлғиз ўзи мамлакат сиёсатини ўзгартириши жуда қийин. Чунки шу йилнинг 27 октябрида мамлакат парламентига ҳам сайловлар бўлиб ўтади. Бу партияси йўқ бўлган президент учун ҳақиқий бошоғриқ бўлиши мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам бир неча йиллардан буён уруш ҳаракатлари давом этаётган Украинада ўз фикрига эга, ўз халқи билан ҳисоблашадиган етакчи келишига умид қилиб қоламиз. Президентликка номзод Владимир Зеленский худди кинодагидек халқ хизматкори бўлиши осон бўлмаслигини ҳис қилди. Чунки мамлакатни бошқариш ҳар ҳафта телевизор экранларидан туриб, мамлакатни ҳалокат ёқасига олиб келган, уқувсиз сиёсатчиларни танқид қилишдан кўра анча оғир бўлади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ тайёрлади.