Нарпайда ун ва ёғ эҳтиёждан ортиқ миқдорда ишлаб чиқарилади
Нарпай туманидаги 213 минг аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган 6 ойлик талабини қандай қондириш, қайси маҳсулот қаердан олиниши тўғрисда туман ҳокими Б.Жабборов депутатларга ҳисобот берди.
Унда қайд қилинишича, эҳтиёжнинг туманда етиштирилмайдиган ёки етишмайдиган қисми, хусусан, 13,4 миллионта тухум, 287 тонна балиқ, 5522 тонна картошка, 2124 тонна пиёз, 1168 тонна шакар, 741 тонна гуруч қўшни туманлар ва вилоятлардан келтирилади.
Эътиборлиси, ун маҳсулотига бўлган талаб 8 минг 209 тоннани ташкил этган ҳолда, туманда 20 минг 565 тонна ёки талабга нисбатан 12 минг 356 тоннага кўп, талаб 966 тонна бўлган ўсимлик ёғига эса 2340 тонна ёки 1374 тоннага кўп ишлаб чиқарилади.
Туманда нарх-наволар барқарорлигини таъминлаш мақсадида “Мирбозор бозори” МЧЖ қошида 1 та тайёрлов савдо ташкилоти ва арзонлаштирилган маҳсулотлар савдо ярмаркаси, шунингдек, “Оқтош деҳқон бозори”да қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркаси ташкил этилган.
Бугунги кунда мол гўшти 52 минг сўмдан 57 минг сўмгача, қўй гўшти 55 минг сўмдан 57 минг сўмгача, картошка 3 минг сўмдан 3,5 минг сўмгача, сабзи 1,5 сўмдан 2 минг сўмгача сотилмоқда.
Шунингдек, пиёзни 1,2-1,5 минг сўмдан, гуручни 8-10 минг сўмдан, тухумни 900-1000 сўмдан, шакарни 6,5-6,8 минг сўмдан, ўсимлик ёғини 12-13 минг сўмдан харид қилиш мумкин.
Туман ҳокимлиги бошчилигида давлат солиқ инспекцияси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти туман бўлими, статистика бўлими ва бозор маъмурияти билан биргаликда бозорлардаги нархлар доимий ўрганиб борилмоқда.
Туманда 2020-2021 йиллар қиш ва баҳор мавсумига 4054 тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш режалаштирилган. Мазкур юмуш учун 910 миллион сўм кредит маблағлари ажратилган.
Захирага жамланаётган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун туманда 13 та, 4350 тонна маҳсулотларни сақлаш қувватига эга бўлган музлаткичли сиғим ва 1500 тонна сиғимга эга 2 та омборхона мавжуд.
Сессияда туман сектор раҳбарлари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича яратилган тизим, бозордаги шарт-шароитлар, нарх-навони барқарор сақлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар бўйича ҳар 15 кунда ахборот бериб бориши белгиланди.