Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нарпайликлар энди кетмонга суяниб қолмайди. Туман ҳокими қайси омилларга ишониб бундай деди?

Ш.Раҳмоновнинг айтишича, айни пайтда туманда экспорт ҳажми импортга нисбатан ортган. Яъни, четдан келтирилаётганига нисбатан чиқарилаётгани кўпайган. Туманда Ўрта Осиёда ягона бўлган корхона иш бошлаш арафасида.

Бу борадаги натижаларни янада яхшилаш учун қатор инвестиция лойиҳалари режалаштирилган.

- 2021-2022 йиллларда туманда қиймати 570,9 миллиард сўмлик 119 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида 1516 та янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган, - дейди туман ҳокими вазифасини бажарувчи Ш.Раҳмонов. - Жумладан, саноат соҳасини ривожлантириш бўйича 287,7 миллиард сўмлик 29 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Натижада 783 та янги иш ўрини яратилади.

Хизмат кўрсатиш соҳасида 196,3 миллиард сўмлик 72 та инвестиция лойиҳа орқали 506 та кишини иш билан таъминламоқчимиз. Қишлоқ хўжалигида эса 227 та янги иш ўрини яратилади. Бунинг учун 86,9 миллиард сўмлик 18 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилган.

Лойиҳалар аҳамияти ҳақида гап кетганда “NBA ALLANZ” масъулияти чекланган жамияти томонидан 5,5 миллион доллар инвестиция киритилаётганини алоҳида қайд этиш ўринли. Бу ерда импорт ўрнини босувчи гипсакартон листлари учун картон қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ишга қабул қилинган 100 киши гипсакортон учун 36 минг тонна хомашё тайёрлайди.

Бугунги кунда мамлакатимизга йилига гипсакартон листлари учун 108 минг тонна картон қоғоз импорт қилинади. Демак, корхона ишлаб чиқарадиган маҳсулот умумий эҳтиёжнинг 33 фоизини қоплайди.

Бошқача айтганда, корхона фаолиятини бошлагандан сўнг тоннаси 750 доллардан 27 миллион долларлик картон қоғоз тайёрлайди.

Яна бир йирик лойиҳа тумандаги пахта кластери - “Мароқанд сифат” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга ошириляпти. Бу ерда йилига 5 минг тонна пахта ип-калаваси ишлаб чиқариш қувватига эга қиймати 55 миллиард сўмлик лойиҳа амалга ошириляпти. Жами 150 та янги иш ўрни яратиш белгиланган лойиҳа март ойида 50 фоиз қувватда иш бошлади.

Умуман, ҳар бир йўналишдаги инвестицион лойиҳаларда мақташга аризигулик жиҳатлар бор. Масалан, “Инновацион боғлар” фермер хўжалиги томонидан узум етиштиришга ихтисослашган Муртазо Шопиев массивида қиймати 12,6 миллиард сўмлик узумчилик хўжалиги ташкил этилмоқда. “Mo’jiza-agro grupp" фермер хўжалиги 320 минг доллар банк кредити асосида Хитой Халқ Республикасидан замонавий жиҳозлари асосида 2,1 гектар майдонда иссиқхона қурмоқда.

Хизмат кўрсатиш йўналишида “Нарпай Ифтихор саноат” масъулияти чекланган жамияти халқаро М-37 автомагистраль йўл ёқасида 1,5 миллион долларлик замонавий меҳмонхона қуряпти.

Бир сўз билан айтганда, аграр туман бўлган Нарпай бугун аграр-индустриал ҳудудга айланмоқда.