Она мактуби: Бошинг омон бўлсин, болам!
Салом Шохруҳжон, яхшимисан, болам! Соғлиғинг жойидами? Қийналмаяпсанми? Онанг ўргилсин сендан, соғиниб кетдим. Ҳар куни телевизорда аскарларни кўриб, кўзимга ёш келади. Сен ҳам шу ўктам йигитлардек хизмат қилиб юрганингдан қанчалар хурсанд эканимни билсанг эди.
Менга ёзган мактубингни олдим. Хизматдошларинг билан тушган суратингни ҳам жўнатибсан. Катта бўлиб қолибсан, болам. Аммо ёшлигингдаги одатингни ташламабсан-да. Овқат ейишни канда қиляпсан, шекилли. Буни суратингга қараб билдим. Бироз озибсан, лекин бўйинг анча чўзилибди. Ҳарбий либосинг ярашибди. Эр йигитга бундай либослар ярашади-да, албатта! Бундан жуда фахрландим.
Шохруҳжон, болам, она учун дунёда энг улуғ неъмат бу – фарзанд камоли. Армия сени камолга етказганини ич-ичимдан ҳис қиляпман. Илк бор мактуб юборганингда отангдан сўраб билгандим. Тошкент вилояти Қибрай туманининг чегара қўшинларида хизмат қилаётган экансан.
Болажоним, қайда бўлсанг ҳам бошинг омон бўлсин. Мамлакатинг, оиланг ва халқинг учун йигитлик бурчини муносиб адо этишингни истайман. Юртимиз истиқболи учун ҳар қандай хавф-хатарга кўкрак тутишдан қўрқма. Ҳамиша Жалолиддин Мангуберди каби довюрак, Широқдек қўрқмас, Алпомишдек кучли ва енгилмас эканингни кўрсат.
Сени соғинган онанг Феруза ШЕРХОНОВА,
Паст Дарғом тумани.