Ўқитувчиларнинг иш ҳақидан мажбурий ушланмалар олиб қолиш мумкинми? Вазирлик изоҳ берди
Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда ўқитувчилардан мажбурий равишда розилик хати ёздириб, мол-мулк, ер, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиқлари маҳаллий бюджетларга ўтказиб келинаётганлиги ҳолатлари юзасидан мурожаатлар эълон қилинмоқда.
Шуларни инобатга олиб, Халқ таълими вазирлиги ходимларнинг иш ҳақи тўловларидан ушланмалар (мол-мулк, ер солиғи ва бошқа тўловлар)ни уларнинг ёзма розилигисиз амалга оширилмаслигини, бу каби хатларни мажбурий равишда ёздириш ҳолатлари юз берган тақдирда ўқитувчилардан ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишларини сўраб қолади.
Масъул ходимлар томонидан бу каби ҳолатларга йўл қўйилганлиги аниқланган тақдирда улар билан меҳнат шартномасини амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирамиз.
Бу каби ҳолатлар бўйича халқ таълими бўлинмалари биринчи раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланиб, масъулиятсизликка йўл қўйиш ҳолатлари такрорланган тақдирда мазкур раҳбарларга нисбатан ўрнатилган тартибда интизомий жазо чоралари қўлланилади ҳамда меҳнат шартномаси бекор қилинишини эслатиб ўтамиз.
Сиз фаолият юритаётган мактабда бу каби ҳолатларга йўл қўйилган тақдирда вазирликнинг 71 202 09 09 рақамли "Ишонч телефони"га мурожаат қилишингиз мумкин.