Ўзбек-хитой вакцинаси август ойидан юртимизда ишлаб чиқарилади

Инновацион ривожланиш вазирлигида компания бош муҳандиси Ван Чжи Сзюн, хорижий мамлакатларга экспорт қилиш бўлими директори Чен Фан У иштирокида учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Унда қайд этилишича, Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical компанияси билан қисқа муддатларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзоланишига келишилди.

Томонлар Ўзбекистонда биринчи босқичда август ойидан бошлаб ойига 10 миллион доза вакцина ишлаб чиқариш ва кейинчалик бу кўрсаткични йилига 300 миллион дозага қадар олиб чиқиш бўйича фикр алмашдилар.

Шунингдек, Хитой томони билан яқин келажакда вакцина ишлаб чиқариш технологиясини трансфер қилинишига келишилди.

Ўзбекистон олим ва мутахассисларининг мазкур соҳадаги малакаларини ошириш мақсадида Хитой ва Ўзбекистонда бир вақтда ўқитиш ишлари бошланади.