Ўзбекистонда 100 дан ортиқ музей бор, уларда 1 миллиондан кўпроқ экспонат сақланади

Лекин одамларни музейларга жалб этиш, бу ердаги мавжуд ашёларни республика ва дунё миқёсида турли кўчма кўргазмаларга олиб чиқиш ва намойиш этиш, музейларнинг ўз имкониятларини реклама қилиш, пул тушумини ошириш аҳволини яхши деб бўладими?

Бу ҳақда ва унга эришилмагани сабаблари ҳақида Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош директори ўринбосари Маҳмудхон Юнусов фикр юритди:

 "Музейшунослик ва музей ишини такомиллаштириш, соҳани ислоҳ этиш мақсадида дастлаб 1994 йил 23 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг «Республика музейлари фаолиятини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори, 1998 йил 12 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони қабул қилинган эди. 1998 йилда музейлар фаолиятини мувофиқлаштириш, зарур илмий-услубий ёрдам кўрсатишни таъминлаш учун «Ўзбекмузей» жамғармаси ташкил этилди.

2008 йилга келиб «Музейлар тўғрисида»ги Қонун қабул қилинганди. Ушбу қонун, фармон ва қарорлар амалиётга татбиқ этилганда ҳам бир неча қанча камчиликлар кўзга ташлана бошлади. Бу нималарда кўринди?

Биринчидан, Ўзбекистон музейлари нотижорат маданият ташкилоти ҳисобланиб, музейларда пуллик хизмат кўрсатиш тизими мавжуд бўлмаган. Оқибатда музейларимизда улкан имкониятлар бўла туриб, кириш чипталари ва экскурсия хизматини ҳисобга олмаганда сервис тизими шаклланмади.

Иккинчидан, музей фондлари ва экспозиция залларининг жиҳозланиши меъёрларига оид йўриқнома ишлаб чиқилмаган эди. Натижада ашёларнинг сақланиши талаб даражасида йўлга қўйилмади. Яратилаётган экспозициялар ҳам талабга жавоб бермасди.

Учинчидан, республикадаги музейларни таъмирлаш ва қайта қуриш ҳақидаги қарор охирги марта 1994 йилда (Вазирлар Маҳкамасининг «Республика музейлари фаолиятини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида») қабул қилинган бўлиб, кейинги йилларда аксарият музейларнинг моддий-техник базаси ночор аҳволга тушиб қолган эди. Кўплаб музейларнинг мослаштирилган биноларда жойлашганлиги уларда дунёнинг бошқа музейларида бўлгани каби ноёб жамланмаларини намойиш этиш имкониятини бермасди.

Тўртинчидан, музейларда ойлик маошнинг камлиги кадрлар қўнимсизлигига олиб келди. Кўпчилик малакали илмий ходимлар бошқа йўналишларга ўтиб кетди. Шу каби муаммоларни баратараф этиш мақсадида 2018 йил 14 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш ва уларни моддий рағбатлантиришни кучайтириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бешинчидан, музейлардаги мавжуд ашёларни республика ва дунё миқёсида турли кўчма кўргазмаларга олиб чиқиш ва намойиш этиш бўйича йўриқнома мавжуд бўлмаган. Оқибатда музейларнинг ўз имкониятларини реклама қилиш, пул тушумини ошириш имкониятлари чекланиб қолди.

Олтинчидан, музейлар томонидан турли илмий экспедициялар ташкил этиш тизими ишлаб чиқилмаган, бундай фаолият молиялаштирилмаган эди. Республикадаги саноқли музейлар ўз имкониятларидан келиб чиқиб, турли грантлар доирасида мазкур фаолият билан шуғулланган, албатта. Бироқ бу мавжуд салоҳиятга нисбатан жуда паст кўрсаткичдир.

Яқинда қабул қилинган ва 2021 йил 26 ноябрдан кучга кирган “Музейлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун юқоридаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган. Ҳозирда Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан республикадаги музейлар билан ҳамкорликда мазкур қонунни рўёбга чиқариш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда", деб ёзади музейшунос.