Ўзбекистонда 9 ой давомида қанча ёнғин содир бўлган?

Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан 2019 йилнинг ўтган 9 ойи давомида ўтказилган профилактик ишлар натижасида 15441 та бино ва иншоотларда ёнғин келиб чиқиш хавфи олди олинган. Бу ҳақда ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабар бермоқда.

Содир бўлган ёнғинларни ўчириш вақтида кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида 30 нафар инсон қутқарилган, 624 бош уй ҳайвонлари, 113 та техникалар, 268 миллиард сўмликдан зиёд бино ва иншоотлар қурилмалари ва 86 миллиард сўмдан ортиқ моддий бойликлар сақланиб қолинган. Шунингдек, фуқароларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлашга оид билим кўникламаларига эга бўлиб бориши натижасида 2019 йилнинг ўтган 9 ойи давомида содир бўлган ёнғинлар 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 358 тага, ёнғинларда инсонларнинг ҳалок бўлиши 9 тага ва тан жароҳати олиши 58 тага камайган. Лекин олиб борилаётган ишларга қарамасдан 2019 йилнинг ўтган 9 ойи давомида республика ҳудудида жами 8397 та ёнғинлар қайд этилиб, ушбу ёнғинларда 82 нафар инсон ҳалок бўлган ва 219 нафар киши тан жароҳати олган.

Жами содир бўлган ёнғинларнинг 68,9 фоизи аҳоли яшаш жойларида, 11,6 фоизи тадбиркорлик субъектлари объектларида, 5,3 фоизи транспорт воситаларида ва 1,4 фоизи давлат тасарруфидаги объектларда юзага келган. Ёнғинларнинг 38,7 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 30,3 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, 11,4 фоизи иситиш печларининг носозлиги ёки улардан нотўғри фойдаланиш, 9,6 фоизи болаларнинг шўхлиги ва 4 фоизи транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилишидан содир бўлган.