Ўзбекистондаги илк осма кўприк Самарқандда қурилади

Яқин келажакда Самарқанд шаҳрининг қиёфаси қандай ўзгаради? Йўлларда тирбандликларни бартараф этиш, пиёдалар йўлаклари, ичимлик ва оқова сув тармоқларини қуриш ва таъмирлаш ишлари қай даражада ташкил этилади? Бунинг учун дунёнинг ривожланган давлатларидан андозалар олинадими?

Шу каби саволларга ойдинлик киритиш учун вилоят қурилиш бош бошқармасида ташкил этилган матбуот анжуманида вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Шукуров Самарқанд шаҳрида бошланаётган янги лойиҳалар, йўл ўтказгичлар, сув тармоқлари қурилиши юзасидан маълумот берди.

-  Президентимизнинг 2022 йил 8 сентябрдаги “Абу Даби Тараққиёт жамғармаси иштирокида “Самарқанд шаҳрида сув таъминоти тизимлари ва йўл тармоқларини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган, - дейди А.Шукуров. - Мазкур қарор асосида мамлакатимиз ва Абу-Даби Тараққиёт жамғармаси ўртасида лойиҳани амалга ошириш учун 4 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 17 йилда қайтариш муддати билан 300 миллион доллар миқдорида кредит расмийлаштирилган. Ушбу маблағ ҳисобидан 2022-2026 йилларда Самарқанд шаҳридаги (32,9 миллион доллар) 2 та йўл - Амир Темур кўчасининг Бўстонсарой кўчасидан Гагарин кўчасигача 2,3 километр ҳамда Гагарин кўчасининг Гулобод кўчасидан М-37 автомобиль йўлигача 9,2 километр қисмини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Тендер натижаларига кўра “New Tech Samarkand” (Ўзбекистон), “Sinoindustrial Tashkent” (Ўзбекистон) ва “Tekar Teknik Arastirma Ticaret Limited Sirketi” (Туркия) – Консорциуми йўл қурилишини бажаради.

Самарқанд шаҳар кўчаларида тирбандликни камайтириш учун шаҳарнинг Гагарин – Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасида 750 метр, Гагарин – Рудакий кўчаси кесишмасида 650 метрли туннел қуриш режалаштирилган. Шунингдек, Гагарин кўчасидаги темирйўл устида 78 метр, Сиёб канали устида 165 метр кўприк қурилади. Мазкур қурилишлар ҳам маҳаллий ва хитойлик қурувчилар билан ҳамкорликда олиб борилади.

Самарқанд шаҳридаги энг катта муаммолардан яна бири сув таъминоти билан боғлиқ. Кўп йил аввал қурилган сув қувурлари эскирган, юқори босимга дош беролмасдан авария ҳолатлари кўп кузатилади. Бу албатта аҳолига сув истеъмолидаги узилишларга сабаб бўлади. Ушбу муаммонинг ечими сифатида лойиҳа доирасида сувсозларимиз туркиялик ҳамкорлар билан бирга шаҳарда 6 та насос станцияси қуради ва 2 та сув иншоотини реконструкция қилади.

-  Яна бир лойиҳа асосида сувсозлар томонидан туркиялик ҳамкорлар билан шаҳарда жами 11,2 километр ичимлик сув тармоғини қуриш, шундан Амир Темур кўчасида Бўстонсарой кўчасидан Гагарин кўчасигача 2,3 километр ҳамда Гагарин кўчасида 8,9 километр тармоқ тортиш ишлари амалга оширилади, - дейди лойиҳанинг гуруҳ раҳбари Олимжон Алиходжаев. – Ҳозирда лойиҳа доирасида Амир Темур кўчасининг Гагарин ва Мир Саид Барака кўчалари кесишмасида ишлар бошланган. Бунда Д-500 бўлган 760 метр узунликда тармоқ монтаж ишлари якунланди. Монтаж қилинган 84 метр тармоқ пневматик синовдан ўтказилди. Гагарин кўчасида қурилиш ишларини бошлаш учун Д-1000 миллиметрли 3012 метр ҳамда Д-800 миллиметрли 600 метр чўян қувурлар олиб келинди.

Масъулларнинг маълумотларига кўра, чўяндан тайёрланган махсус сув қувурлари Эрон давлатидан келтирилмоқда. Чунки бу қувурлар сувнинг сифатига таъсир қилмайди, пайвандсиз қопланади ва асосийси, ноқонуний уланишларга барҳам беради. Яна бир маълумот Гагарин кўчасининг Сиёб ариғи устидан ўтган қисмида Ўзбекистон тарихида илк бор 182 метрли осма кўприк қурилиши ҳам режалаштирилган.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.