Прокурор – давлат хизматчиси. Бу лавозим дастлаб қирол «кўзлари» бўлган
Кейинги 2-3 йилда давлат хизмати ва хизматчиси атамалари кундалик ҳаётимизда тез-тез қўлланилмоқда. Моҳиятан давлат хизмати фаолият йўналишларига кўра фарқланади. Ўз навбатида мазмуни, уни қўллаш соҳаси, шакли ва услублари бўйича турларга бўлинади.
Хусусан, бугун биз сўз юритмоқчи бўлганимиз юридик фаолият турларига:
а) одил судлов;
б) прокурор назорати;
в) жиноятларни тергов қилиш;
г) фуқаролар ва ташкилотларга юридик ёрдам кўрсатиш (адвокатлик фаолияти);
д) нотариал ҳаракатларни амалга ошириш;
й) давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ҳуқуқий ишлар киради.
Ғамхўрлик қилувчими?
Википедиянинг ўзбекча платформасида прокурор сўзи ғамхўрлик қилувчи маъносига эгалиги қайд қилинган. Рус бўлимида бу термин бошқарувчи деган маънодаги лотинча сўзлиги ёзилган.
Умумий маълумот шуки, прокуратура биринчи марта 1302 йилда Францияда монарх манфаатларини ифодаловчи орган сифатида ташкил этилган. Прокурор қиролнинг «кўзлари» бўлиб, унинг ёрдами билан у давлатни бутун механизмининг ишлашини назорат қилиши мумкин эди.
Замонавий дунёнинг барча давлатлари муҳим ташкилоти бўлган прокуратура илк мазмунини деярли йўқотмаган. Хусусан, айрим мамлакатларда жиноий ишларни қўзғатиш, айбловни ёқлаш, суд процессида давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ваколатлари юклатилган махсус давлат органи.
Бир қанча мамлакатларда прокуратурага барча фуқаролар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг қонунларни аниқ ва бир хилда бажариши устидан назорат қилиш вазифаси ҳам киради. Яна айрим давлатларда эса прокуратура суднинг таркибий қисми ҳисобланади, бошқаларида эса ташкилий жиҳатдан ундан ажратилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси - Ўзбекистон ҳудудида Ўзбекистон Конституцияси ва қонунлари ижросини назорат этувчи органлар тизими.
Прокуратура органларининг ягона марказлаштирилган тизимига Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори бошчилик қилади.
Бош прокурор Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан лавозимига тайинланади, лавозимидан озод этилади. Бундай фармонлар Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқланади.
Прокуратура органлари ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда, фақат қонунга бўйсуниб амалга оширадилар. Прокурорлар ўз ваколатлари даврида сиёсий партияларга ва сиёсий мақсадларни кўзловчи бошқа жамоат бирлашмаларига аъзоликни тўхтатиб туради.
Дарвоқе, бу орган ходимларига илмий, педагогик ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиш тақиқланади.
Касб байрами
8 январь Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни. 2016 йил 19 декабрда қабул қилинган қонунда шундай қарорга келинган.
Нега айнан шу сана?
Сабаб шуки, 1992 йил 8 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари тўғрисида»ги фармони билан собиқ Иттифоқ қарамоғидаги Ўзбекистон ССР прокуратураси мустақил Ўзбекистон прокуратурасига айлантирилган.
Демак, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси прокуратураси ташкил этилганига 32 йил тўлди. Тизим ходимларига қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишдан иборат асосий вазифаларини бажаришда муваффақият тилаймиз!
Шу ўринда қонун устуворлигини таъминлашга масъул идоранинг вилоятдаги фаолиятидан айрим мисолларни қайд этишни лозим топдик.
Энергия ресурслари ҳисобли
Вилоят прокуратураси органлари томонидан 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумида аҳолини ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш борасида назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Хусусан, «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали ва унинг тизимидаги корхоналар томонидан истеъмолчиларга 1185,2 миллион куб метр, шундан аҳоли истеъмоли учун 702 миллион куб метр табиий газ етказиб берилган. 818 та маҳалладаги 496 минг аҳолига ва 427 та ижтимоий соҳа объектига 75382 тонна суюлтирилган газ баллонларда газ тарқатилган. Маиший газ баллонларга эҳтиёжи бор хонадонларга 7797 дона суюлтирилган газ баллонлар берилган.
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг Самарқанд ҳудудий филиали ва унинг тизимидаги корхоналар томонидан истеъмолчиларга 4.4 миллиард кВт.с., шундан аҳоли истеъмоли учун 1,7 миллиард кВт.с. электр энергияси етказиб берилган.
Йил давомида ёқилғи энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш юзасидан 11671 та рейд тадбирлари ўтказилган. Тадбирларда 4414 та (табиий газдан 773 та, электр энергиясидан 3641 та) энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.
Ҳолатлар бўйича 2696 нафар шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 125 та жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, аниқланган зарарнинг 37,3 миллиард сўми ундирилган.
Аграр соҳада назорат
Ўтган йили деҳқон, фермер хўжаликлари ҳамда кластер корхоналарининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида уларга 4649 гектар ер майдони ажратилишида, 3127 тонна минерал ўғит, 296 тонна ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, 11 тонна уруғлик чигит ва 1124 тонна буғдой, 10 қути ипак қурти, 2 миллион сўмлик эҳтиёт қисмлари, 43,4 миллиард сўмлик банк кредити ажратилиши, 17 дона техника, 180 миллион сўм нақд пул маблағлари олиб берилиши, 109 миллион сўмлик иш ҳақлари, 1,5 миллиард сўмлик дебитор қарзларни ундирилиши ҳамда 1 нафарига давлат рўйхатидан ўтиб, ҳисоб рақам очилишида амалий ёрдам кўрсатилган.
Давлат раҳбарининг тегишли қарорларига мувофиқ, фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишдаги паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган, аҳолига узоқ бўлмаган ҳудудлардан 2023 йилда 7586 гектар экин майдонлари очиқ электрон танлов орқали ижарага берилиши режалаштирилган.
Танловга чиқарилган 7496 гектар ер майдонлари бўйича ғолиб аниқланиб, экин майдонлари ўлчаб берилган. Шундан 7486 гектар ер участкалари давлат рўйхатидан ўтказилган.
“Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарори ижроси юзасидан ўтказилаётган назорат тадбирларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 42 нафар масъул маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилган. 105 нафар мансабдор шахс огоҳлантирилган, 21 та жиноят иши қўзғатилган.
Ўрганишлар ва кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича 27,2 миллиард сўм, шундан Иштихон туманида 110 миллион, Пахтачи туманида 890 миллион, Каттақўрғон туманида 1,9 миллиард ва Пайариқ туманида 2,5 миллиард сўм маблағ ажратилиши таъминланган.
Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 27 нафар мансабдор шахс огоҳлантирилиб, 23 нафар шахс интизомий, 22 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган.
Ёқубжон МАРҚАЕВ тайёрлади.