Қирғизистон вакиллари: Шавкат Мирзиёев юқори даражали инсонпарварлик ва шарқона доноликни намоён этмоқда

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан қўшни Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами юборилганди. Юборилган юк таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббиёт воситалари жой олган. Коронавируснинг бутун дунёга тарқалиши билан боғлиқ юзага келган оғир вазиятда бизнинг мамлакатимиз томонидан қирғиз халқига кўрсатилган ёрдам биродар республиканинг жамоат фаоллари ва экспертлари томонидан олқишлар билан кутиб олинди, деб хабар берди “Дунё” ИА муҳбири.

Халқаро муносабатлар ва Қирғизистон хавфсизлик кенгаши бошқармаси раҳбарларидан бири Эдиль Осмонбетов шундай оғир шароитда Ўзбекистон томонидан кўрсатилган ёрдамни юқори баҳолаб қуйидагиларни таъкидлади:

- Мазкур инсонпарварлик қадами шуни англатадики, биз бугун ҳудудий ҳамкорликка ва ўзаро муносабатларни мусатҳкамлашга интилаётган мутлақо бошқа Марказий Осиёни кўриб турибмиз. Ушбу ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик ҳолати бугунги коронавирус пандемияси шароитида ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Ўзбекистон сўзда эмас, балки амалда, умумий бирдамлик билан мазкур глобал муаммони енгиб ўтишга интилмоқда.

Бугун биз ўзбек-қирғиз муносабатлари, ўзаро ишонч ва ҳурматга таянган янги босқичга ўтганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Фикримча, Ўзбекистон томонидан кўрсатилган ёрдам дўстона муносабатларга асосланган келажакдаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга ўлкан ҳисса қўшади.

Ўз навбатида, эксперт Алмаз Таджибаев Ўзбекистон иккала мамлакат ўртасида дўстликни ва қўшничиликни мустаҳкамлаш тарафдори эканлигини яна бир бор намойиш этганлигини таъкидлади.

- Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон биринчи бўлиб Қирғизистонга коронавирус билан курашишда зарур бўлган инсонпарварлик ёрдамини кўрсатди, - таъкидлади у. – Фурсатдан фойдаланиб, Қирғизистон Республикаси Халқаро муносабатлар ва Қирғизистон хавфсизлиги кенгаши бошқармаси номидан Президент Шавкат Мирзиёевга, Ўзбекистон ҳукуматига ва ўзбек халқига шундай оғир вазиятда чин дўстлик ва одамийлик намунасини кўрсатганлари учун чуқур миннатдорчилик билдираман.

Сиёсатшунос ва жамоат арбоби Бакит Бакатаев Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари ўртасидаги оға-инилик ришталари енгилмас эканлигини ишонч билан таъкидлади.

- Ўзбекистон Қирғизистоннинг кўп асрлик ҳамкори, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тарафдори эканлигини яна бир бор тасдиқлаб, дўстлик қўлини узатди. Президент Шавкат Мирзиёев юқори даражали инсонпарварлик ва шарқона доноликни намоён этмоқда.

Қирғизистоннинг ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Бахтиёр Қодиров Ўзбекистон томонидан юборилган 17 вагон инсонпарварлик юки Қирғизистонда ўлкан миннатдорчилик билан кутиб олинганини маълум қилди.

- Қирғизистон Республикаси ҳукумати пандемияни йўқ қилиш ва мамлакат аҳолисини ҳам томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширмоқда, - деди у. – Мазкур вазиятда Ўзбекистон 1000 тонна ун, истеъмол маҳсулотлари, бир марталик тиббиёт комбензонлари, тиббий қўлқоплар, ҳимоя кўзойнаклари, ҳарорат ўлчаш ускуналари ва ушбу қўрқинчли касалликни эрта аниқлашда, олдини олишда ва ўз вақтида чора кўришда зарур бўладиган COVID-19 таҳлили учун тест-тизими кўринишидаги инсонпарварлик ёрдамини юборган биринчи дўстона давлат бўлди. “Марказий Осиё – умумий уйимиз!” шиорини 2019 йилда айтган Президент Шавкат Мирзиёев ҳудуддаги барча мамлакатлар нафақат яқин қўшни, балки оға-ини эканликларини яна бир бор амалда кўрсатиб берди. Умумий хавфга қарши биз елкама-елка туриб ва бир-биримизни қўллаган ҳолда курашишимиз лозим.

Қирғизистоннинг ўзбек миллий-маданий маркази президиуми номидан Ўзбекистоннинг биродар халқига келгуси ишларига ривож, осойишталик ва ҳотиржамлик тилайман.