Салкам 1 миллиард сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний савдоси фош этилди

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан навбатдаги божхона қонунбузилиши ҳолатига чек қўйилди.

Фуқаро А.О. бошқарувида бўлган “Исузу” русумли юк автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилганида, унинг юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ва ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати  533,4 миллион сўмлик 1046 дона уяли алоқа воситалари, 160 дона дазмол, 48 дона чангютгич, 26 дона кабоб пиширувчи мосламалар, 12 дона блендер каби маиший техника товарлари борлиги аниқланди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаро Р.Ш.нинг “Ласетти” русумли  автотранспорт воситаси кўздан кечирилганида, унинг юкхонасидан хорижда ишлаб чиқарилган ва ҳеч қандай хужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 12 950 000 сўмлик, 15 хил турдаги жами 37 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.

Шундан сўнг фуқаро Р.Ш.нинг вақтинчалик яшаш манзили кўздан кечирилганида, хонадонда хорижда ишлаб чиқарилган ва ҳеч қандай хужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 448 миллион сўмлик 5 хил турдаги жами 1120 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида умумий қиймати 994 350 000 сўмлик товар-моддий бойликларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

ДБҚ матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.