Самарқанд аэропорти хусусий шерикликка берилгач, йўловчи сони қанчага етгани маълум қилинди

Самарқанд аэропорти хусусий шерикликка берилгани ҳисобига йўловчи оқими 4 карра ошиб, 1 миллионга етган. Бу ҳақда Президент ахборот хизмати маълум қилган.

Таъкидланишича, ўтган йили авиация хизматлари ҳажми бор-йўғи 11,6 фоиз ўсган. Мамлакатимиз стратегиясида 2030 йилга қадар авиақатновлар сонини 4 карра ошириш режалаштирилган. Унга эришиш учун соҳада йиллик ўсиш суръатлари 20 фоиздан кам бўлмаслиги керак.

Бу инфратузилма, бошқарув, нарх ва сифат борасида тизимли ишларни талаб этади. Юртимизда авиа чипталар нархи нисбатан қиммат. Ҳам ҳудудий, ҳам хорижий рейслар сони талабга қараганда кам. Парвозларнинг асосий қисми ҳалигача Тошкент ва Самарқанд аэропортларига тўғри келади. Аэропортларда ҳаво кемалари ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш имкониятлари чекланган, қўшимча хизматлардан даромад жами тушумнинг бор-йўғи 7 фоизини ташкил қилади. Тошкент, Навоий, Наманган аэропортлари транзит салоҳияти тўлиқ ишга солинмаяпти.

Хусусан, миллий авиакомпанияга халқаро кредит рейтингини олиб, уни “IPO”га чиқариш жараёни бошланади. Бухоро, Наманган, Урганч ва Андижон аэропортлари хусусий бошқарувга берилиб, модернизация қилинади. Жорий йилда рейслар сони 20 фоизга оширилади.

Соҳада харажатларни 20 фоизга қисқартириш чоралари кўрилади. Ёқилғи сарфи юқори бўлган эски самолётлар сотилиб, замонавий ва тежамкор ҳаво кемалари олиб келинади. 72 та йўналиш бўйича оптимал парвозлар маршрутини танлаш орқали ёқилғи сарфи сезиларли камайтирилади. Фойдаланилмаётган ва даромад келтирмаётган активлар сотувга чиқарилади.

Давлат раҳбари томонидан мутасаддиларга харажатларни қисқартириш дастурини тасдиқлаб, хизматлар рақобатдошлигини ошириш, хусусий шериклик лойиҳаларини тезлаштириш бўйича топшириқлар берилган.