Самарқандда COVID-19 дан даволанганлар орасида хитойликлар бор
Коронавирус инфекциясига чалинган беморларни марказлашган ҳолда даволаш, уларга тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Самарқанд шаҳрида 1080 ўринли даволаш ва тақсимлаш маркази ташкил этилган эди. 10 августдан фаолият бошлаган мазкур муассасада айни пайтда вилоятимизнинг барча ҳудудларидан COVID-19 ни юқтирган беморлар келиб даволанмоқда. Уларга 400 нафардан ортиқ тиббиёт ходими хизмат кўрсатмоқда.
Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожонов ҳам марказ иш бошлаганидан буён шу ерда ишламоқда, мазкур муассаса масъулларидан бири. А.Бобожонов билан телефон орқали боғланиб, бугунги вазият ҳақида сўрадик.
– Марказ иш бошлаганига қирқ кундан ошди ва ўтган давр мобайнида бу ерда минглаб беморлар дардига даво топди, – деди А.Бобожонов. – Шифокор ва ҳамширалар, умуман, бу даргоҳда меҳнат қилаётган барча тиббиёт ходимларимиз туну кун ўз зиммасига юклатилган вазифани чин дилдан бажармоқда. Марказда иш ёки дам олиш куни, кун ёки тун деган тушунча йўқ. 24 соат бир хил суратда иш кетмоқда. Тўғри, иш вақти белгиланган, маълум бир тартиб ва қоидалар амал қилади. Лекин бир ходим ишни тугатиб кетса, унинг ўрнида бошқаси ишни давом эттиради. Жараён тўлиқ видеокузатув остида, қайси бемор қандай ҳолатда эканлиги доимий кузатиб борилади.
– Эшитишимизча, ўзингиз 48 кундан буён шу ерда экансиз. Уйга боришга чўчияпсизми ёки бу ердаги вазият шуни тақозо этяптими?
– Аввал марказ фаолиятини йўлга қўйиб олгунча, энди эса шу ишга масъул сифатида туну кун шу ерда бўлишимга тўғри келмоқда. Уйга борганимда ҳам барибир хаёлим шу ерда бўлади ва хотиржам ўтиролмайман. Оилам билан телефон орқали ҳар куни гаплашиб турибмиз. Худога шукр, ҳаммамиз соғ-саломатмиз. Муҳими шу ҳозир.
– Ўзингиз касал юқтиришдан қўрқмаяпсизми?
– Бу ерда иш бошлашимдан аввал касалликни бошимдан ўтказгандим. Лекин бу энди коронавирусдан холиман, дегани эмас. Белгиланган санитария-гигиена қоидаларига тўла амал қиламан, барча тиббий талабларни бажараман. Бошқа ходимлардан ҳам шуни талаб қиламиз. Пандемия барчамиздан – у тиббиёт ходимими ёки бошқа соҳа кишисими, қари ёки ёшми шахсий гигиена, тозалик ва орасталикка, белгиланган карантин қоидаларига қатъий амал қилишни тақозо этмоқда.
– Марказда беморлар учун яратилган шароит, дори-дармон таъминотида муаммолар юзага келмаяптими?
– Қарийб 30 йиллик тиббиёт ходими сифатида айтишим мумкинки, шу пайтгача бундай таъминотни кўрмаганман. COVID-19 ни аниқлаш ва даволаш учун қандай тиббий жиҳоз керак бўлса (компьютер тамографиясини айтмаганда), барчаси шу ерга келтирилган. Таҳлиллар ҳам марказда олинади. Бошқа касалликлар белгилари ҳам аниқланиб, аниқ ташхис асосида беморлар даволанади. 252 та реанимацион жой мавжуд, 24 соат кислород узлуксизлиги таъминланади. Коронавирусни даволаш учун барча керакли дори воситалари ҳам етарли. Озиқ-овқат таъминоти аутсорсинг асосида йўлга қўйилган. Беморларга тўрт маҳал овқат берилади. Марказда ишлаш учун мутахассислар ҳам тегишли комиссия томонидан танлов асосида қабул қилинмоқда. Айтишим мумкинки, бу ерда ўз касбининг усталари, шу билан бирга фидойилари меҳнат қиляпти. Бундан ташқари, шу пайтгача Россия, Германия ва бошқа давлатлардан ҳам малакали тиббиёт ходимлари келиб, фаолиятимиз билан танишди, улар билан ўзаро тажриба алмашдик. Германиялик бир нафар мутахассис 20 кун шу ерда биз билан бирга ишлади.
– Айни пайтда вилоятимизнинг қайси ҳудудларидан беморлар кўп келяпти?
– Дастлабки пайтларда Самарқанд шаҳрида касаллик кўп қайд этилаётган эди. Энди эса Паст Дарғом, Оқдарё, Тойлоқ, Самарқанд туманларидан келаётганлар кўпайди. Лекин қўшни вилоятлардан ҳам беморлар бор. Қашқадарёнинг Чироқчи ва Шаҳрисабз туманлари, Навоий ва Жиззах вилоятларининг Самарқандга яқин ҳудудларидан ҳам коронавирусга чалинганлар келиб, даволаниб кетмоқда. Икки нафар хитойлик меҳмон ҳам марказимизда даволаниб, саломатлигини тиклади.
– Беморлар неча кунда соғаймоқда?
– 7 кунда саломатлигини тиклаётганлар ҳам, 20 кун даволанаётганлар ҳам бор. Беморларнинг марказда бўлиши ўртача 10-12 кунни ташкил этяпти.
– Юртимизда коронавирус қайд этилганига 6 ойдан ошди. Дастлабки пайтда учраган касаллик белгилари ва даво муолажалари билан бугунгиси ўрасида қандай фарқ бор?
– Бугун аниқланаётган вирус тез ривожланаётгани ва кўп асоратлар қолдираётгани билан март ёки июнь ойида қайд этилган касалликдан фарқланяпти. Шунга қараб даво муолажалари ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатма ва тавсиялари асосида қўлланилмоқда. Кўп таъкидланаётганидек, коронавирус сурункали касалликлари бор инсонларда, кексаларда оғир кечяпти. Шунинг учун юртдошларимиз биринчи навбатда ўз саломатликларига бефарқ бўлмасликларини, бугун айтилаётган қоидалар, тиббий тавсияларга қатъий риоя этишларини сўраймиз. Ҳар бир инсон касал бўлмасдан олдин саломатлиги қадрига етиши, ўзини асраши керак. Фаол жисмоний ҳаракат, соғлом турмуш трази, тўғри овқатланиш ҳар қандай касаллик, жумладан, коронавирусга чалинмасликнинг ҳам асосий шартидир.
– Аҳмаджон Султонбоевич, вақт ажратиб саволларимизга жавоб берганингиз учун раҳмат!
Ғолиб ҲАСАНОВ суҳбатлашди.