Самарқандда сайёҳларнинг ўртача қолиши 2,7 кунни ташкил этмоқда, 2022 йилда бу кўрсаткич 1,5 кунга тўғри келган

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятга 4 миллион 500 минг нафар маҳаллий ва 2  миллион 150 минг нафардан зиёд хорижий сайёҳ келган. Натижада туристик хизматлар экспорти 405,9 миллион долларни ташкил этган.

Вилоят туризм бошқармаси маълумотларига кўра, хорижлик сайёҳларнинг Самарқандда қолиши ўртача 2,7 кунни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даври (1,5 кун)га нисбатан 1,8 бараварга ошган.

Айни пайтда вилоятда сайёҳлар учун 16 минг 286 ўринли 600 та меҳмонхоналар хизмат кўрсатмоқда. Жорий йил бошидан 25 та меҳмонхона, 36 та ҳостел ва 53 та оилавий меҳмон уйлари иш бошлади. Шунингдек, 83 та туристик ташкилот (68 та туроператор ва 15 та турагентлар) фаолияти йўлга қўйилиб, туристик ташкилотлар сони 281 тага етказилди. Умумий қиймати 860 миллиард 590 миллион сўмлик 60 га яқин лойиҳа ишга туширилиб, туризм ва унга йўлдош хизматлар кўрсатиш соҳасида 5,8 мингта янги иш ўрни яратилди.

Сайёҳларнинг вилоятда бўлиш муддатларини узайтириш мақсадида Самарқанд шаҳридаги “Боғибаланд” маҳалласига “Туризм маҳалласи”, Бозоров кўчасига “Туризм кўчаси” ҳамда Ургут туманидаги “Терсак” қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақоми берилди ҳамда Санъат галереяси, Халқаро туризм академияси каби янги туризм объектлари фаолияти йўлга қўйилди.

Самарқанд вилоятига ташриф буюрган хорижий ва маҳаллий туристлар учун вилоятда 300 дан ортиқ маданий кўнгилочар тадбирлар, 50 дан ортиқ конференция, форум, саммит, ҳамда халқаро тадбирлар ўтказилди.

2024 йилда хорижий сайёҳлар сони 2,5 миллион нафарга, туризм хизматлари экспорти 500 миллион АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Қиймати 660 миллиард сўмлик 80 та жойлаштириш воситалари фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, 772 миллиард сўмлик 38 та дам олиш маскани, оромгоҳ, умумий овқатланиш шохобчалари ва бошқа туризм лойиҳаларини амалга оширилиб, 22 та туроператорлик ва 11 та турагентлик хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилади. Бу орқали 1600 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.