Сенат қўмита раиси олимлар билан учрашди
Самарқанд ветеринария медицинаси институтида жорий йилнинг 16 февраль куни давлатимиз раҳбари раислигида чорвачилик тармоғини ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган видеоселекторда белгилаб берилган вазифалар ижросига бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Тадбирда бугун жаҳон иқтисодиёти мураккаб даврни бошдан кечираётгани, глобал иқлим ўзгаришлари, пандемия ва бошқа омиллар сабаб озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиши, тақчиллиги кузатилаётгани таъкидланди. Ана шундай шароитда юртимизда ҳам экологик жиҳатдан тоза ва фойдали ҳисобланган гўшт, сут ва тухум маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва аҳоли эҳтиёжларини қондириш энг долзарб масалалардан биридир.
– Нега Президентимиз айнан чорвачилик тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпти? Негаки, халқимиз дастурхонининг тўкинлиги, аввало, ана шу тармоқ ривожига бевосита боғлиқ, – деди Олий Мажлис Сенатининг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев. – Бизнинг минтақамизда бунинг имконияти бор – ер, сув етарли, қуёшли ўлкамиз. Ота-боболаримиз азалдан чорвачилик билан шуғулланган, бу борада тажрибамиз бор. Ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, аввало, мавжуд экин майдонларидан унумли фойдаланишимиз лозим, чунки чорвага озуқа керак. Озуқани ҳар доим ҳам сотиб олиб бўлмайди, бу қимматга тушиб кетади, уни етиштириш керак. Шунингдек, бугун аҳолига қорамол, қўй, эчки ва парранда тарқатиляпти. Кўпчилик юртдошларимиз бу ташаббусдан фойдаланиб тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқда – ҳам рўзғорини бутлаяпти, ҳам даромад қиляпти. Албатта, бу борада уларга шу соҳа бўйича мутахассисларнинг, олимларнинг ёрдами зарур. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари чорвачилик соҳасини илмий асосланган ҳолда ривожлантириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари суриб, вазифаларни белгилаб берди.
Семинарда институт олимлари томонидан ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар, илмий тадқиқотлар ва уларнинг натижалари ҳақида маълумот берилди. Институт ректори, профессор Худойназар Юнусов чорва маҳсулдорлигини ошириш, наслчиликни яхшилаш, соҳага илм-фан ва илғор тажрибаларни жорий этишда Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг роли ҳақида сўз юритди.
Тадбир давомида соҳага оид қонунчилик юзасидан ҳам фикр алмашилди ва институт олимлари бу борада ўз таклифларини билдирдилар.