«Шамсдан ойдин маърифат нури»
Олим ва журналист Ғофуржон Маҳмудовни йўқлаб
Ғофуржон билан бир факультетда таҳсил олдик. У тожик гуруҳида биздан бир курс кейин ўқирди. Бу йигитнинг муомала маданиятига, тоза-озода кийинишига ҳавас қилардик. Кўп ўтмай, факультет ёшлар ташкилотида мен раҳбар ва у ўринбосар бўлиб бирга ишлашга тўғри келди. Шунда мен Ғофурдаги маърифат сабабини тушуниб етганман. Маълум бўлишича, у Самарқанд туманида анчагина танилган маърифий муаллим фарзанди экан. Бундан ташқари, дўстимиз нафақат сафдошлари, балки профессор-ўқитувчилар билан ҳам муомалани жуда жойига қўярди. Тўрт йил давомида ана шундай бир хил фаолият кўрсатди. Муносабатимиз яқинлигидан бир-биримизнинг уйимиздаги тўй-маъракаларга ҳам борадиган бўлдик.
Мен журналистикани, Ғофур эса олимликни танлаган бўлса-да, салом-алигимиз узилган эмас. Бу орада у номзодлик, докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди. Яна бир дўстимиз Абдусалом Самадов билан бирга тез-тез учрашиб, адабиёт, тожик ва ўзбек адабиёти алоқалари, вилоят олимлари ҳақида кўп суҳбатлашардик. Домла кейинчалик СамДУда декан ўринбосари, факультет декани бўлиб ишлади.
Тақдирни қарангки, вақти келиб, Ғофуржон билан яна бирга ишлаш насиб этди. Тожик тилида чиқадиган «Овози Самарқанд» газетасига у бош муҳаррир этиб тайинланганда роса хурсанд бўлдим. Чунки, биринчидан, ўша пайтда бу нашрга тожиклар маданияти, маърифати, адабиётини яхши биладиган, ўткир сўзли зиёли керак эди. Иккинчидан эса, шу газетага кадрлар тайёрлаш ҳам айнан бош муҳаррирнинг гарданига тушиб турганди. Айтишим мумкинки, Ғ.Маҳмудов қисқа муддат ишлаган бўлса-да, бу вазифаларни уддалай олди.
Ғофуржондаги самимият, очиқликка кўп гувоҳ бўлганман. Бир куни у хонамга асабий бир ҳолда кириб келди.
- Жўра, кайфиятим яхши эмас.
“Нега” деб сўрадим мен. “Қаранг, дуппа-дуруст мактаб директори газетамизни ўқимаса-я”. Мен уни совутган бўлдим:
- Дўстим, ҳозир бунақанги одамлар билан тортишадиган пайт эмас. Газета ўқигани билан муомала қилаверинг.
Шундан кейин у ўзининг илмий тадқиқоти – жадидлар маърифати ҳақида куюниб гапириб кетди:
- Қаранг, жадид боболаримиз Маҳмудхўжа Беҳбудий, Васлий, Саидризо Ализода, Хожи Муин, Сиддиқий Ажзий, Шакурий ўзлари ҳисобидан мактаб очган, дарслик ёзган, тағин дарс беришган. Аммо миннат қилишмаган. Булар эса… борини ўқишмайди.
Мен яна жўрамнинг асабига «сув сепдим». Орамизда маърифатни тушунмайдиган одамлар борлигини, вақти келиб улар жамият дарёсининг қирғоғига чиқиб қолишини тушунтирдим.
Эртасига Ғофуржоннинг столига ушбу тўртлик ёзилган шеъримни қўйиб кетдим:
Шамсдек ойдин маърифат нури,
Ёритгайдир кеча-ю кундуз.
Чарчамасин, дея тунлари
Ойни қўллаб тураркан юлдуз.
Эй муаллим, бўлмағил ғофил,
Ёлғончимас, ҳақ сўз бўлайлик.
Ойларнику Худо беради
Ҳеч қурмаса, юлдуз бўлайлик.
(2008 йил, октябрь)
Эртасига менга телефон қилди:
- Раҳмат жўра, бу шеърни ўша директорга етказаман, зора, ўқиб кўрса...
Бундай мулоқотларимиз деярли ҳар кун бўларди. Мухбир, муаллифлар етишмаслиги, айниқса, саводли мусаҳҳиҳларнинг йўқлиги иккаламизнинг ҳам бош оғриғимиз эди. Бундай пайтда биргалашиб маслаҳат қилардик. Айниқса, Ғофуржоннинг Самарқанднинг таниқли одамлари ҳақидаги мақолалари кўпчилик эътиборига тушарди.
Ғофуржон одамларга фойдаси тегадиган маърифатли мақолаларни беришга интиларди. Бир-биримиздан таржима қилардик. Ҳар замонда эса уйига таклиф қиларди. Шеърхонлик, адабиёт ҳақидаги суҳбатлар бўларди. Айниқса, журналист дўстимиз Холмуҳаммад Нуруллаев (худо раҳмат қилсин), адабиётсевар укамиз Жамшид Ашуров, Ғофуржоннинг укаси, соҳир овоз соҳиби Шаҳриёр қўшилганда даврамиз чинакам «фестивал»га айланарди. Бундай давраларни соғинган пайтимиз ҳам бўлган.
Бир куни Ғофуржонга Матбуот уйида миллий матбуотимиз тарихига оид музей ташкил қилишимиз зарурлигини айтдим. Қувониб кетди. Шу соҳада илмий иш қилгани учун материаллари кўплигини ва бу музей ёш ҳамкасбларимизга жадидларимиз жасоратини кўрсатиб беришини таъкидлади. Ишларни режалаштирдик. Минг афсуски, умри қисқа экан, музей очилишини кўрмасдан кетди.
Ғофуржоннинг яна бир фазилати – ҳар хил тарафкаш тўдалардан ўзини тия оларди. Шу боис уни сайловчилар аввалига туман кенгашига, кейин вилоят Кенгаши депутатлигига сайлашди. Биргаликда яхши тадбирларни амалга оширдик.
Ғ.Маҳмудов маърифатли оила фарзанди бўлгани учун турмуш ўртоғи Матлубахон билан бирга икки ўғил, уч қизни зиёли қилиб тарбиялашди. Бинобарин, Матлуба халқ таълимида 40 йил ишлаган аёл. Бугун ўғли Акбар билан бақамти ишлаш жараёнида унинг меҳнат ва тарбиялари бекорга кетмаганидан хурсанд бўламан. Чунки у тожик тилида сўзловчилар миллий-маданий маркази раиси сифатида кўп тадбирларда отаси каби фаоллик кўрсатяпти. Бир сўз билан айтганда бу оила ва сулола ҳақида Самарқанд туманидагина эмас, балки вилоятимизда ҳам зиёлилар доимо фахр билан сўзлашади.
Ғофуржон Маҳмудов ҳаёт бўлганида 70 ёшга тўлган бўларди. Минг афсуски, биз уни бугун газета тахламларидаги ўткир мақолалари, илмий тадқиқотлари, дарсликлари ва нашр этган китоблари орқали йўқлаб турибмиз. Бинобарин, бу маънавий мероснинг қадри бебаҳо. Чунки у бизга доим самарқандлик фидойи олим ва журналист, маърифатпарвар зиёли Ғофуржон дўстимизни эслатиб туради.
Фармон Тошев.
***
Сурат 2009 йил, 27 июнь куни олинган.