"Шарқ тароналари" фестивалига тайёргарлик давом этмоқда
Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Aҳмедов, вазир ўринбосари Муроджон Мажидов, шунингдек, тегишли масъуллар Самарқанд шаҳрига келиб, фестивалга тайёргарлик ишлари билан қизиқди.
Уларга вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов ҳамроҳлик қилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари “Шарқ тароналари” фестивали ташкил этилиши режалаштирилаётган “Боқий шаҳар” мажмуасининг шароит ҳамда имкониятларини ўрганди. Оператив штаб ташкил этилиши кўзда тутилаётган вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ситуацион маркази, “Боқий шаҳар” ҳудудидаги 2 та махсус бинолар билан танишди. Шу билан бирга фестивалнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари, халқаро танлов ташкил этиладиган амфитеатр биноси, маҳаллий ва хорижий иштирокчилар учун ажратилган меҳмонхоналар, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот маркази, фестиваль доирасида ўтказиладиган халқаро конференция манзили кўздан кечирилди.
Шунингдек, хорижлик таниқли санъаткорлар ва ўзбек эстрадаси вакиллари иштирокида Самарқанд вилоятининг 16 та шаҳар ва туманларида концерт дастурларини ташкил этиш, ишчи гуруҳ таркибига кирувчи турли вазирлик ҳамда идоралар вакилларидан иборат кичик ишчи гуруҳларни тузиш муҳимлиги қайд этилди. Бундан ташқари, Самарқанд халқаро аэропорти ва вокзалида оператив штаб фаолиятини йўлга қўйиш, фестивалнинг хорижий иштирокчиларига ҳамроҳлик қилувчи 100 нафардан ортиқ волонтёр таркибини саралаб олиш ҳамда уларни ўқитиш масалалари муҳокама қилинди.
Фестиваль бўлиб ўтадиган ҳудудда вилоятлардан ташриф буюрадиган ҳунармандлар учун ярмарка ва кўргазма ташкил этишда шароит яратиш тавсия этилди.
Назокат Усмонова.