Сўнгги пушаймон
(ҳикоя)
Ушбу ҳикоя муаллифи Холбой Қосимов 70 ёшини қаршиламоқда. Журналист ва ёзувчи 1954 йил 5 августда Булунғур туманидаги Бедана қишлоғида туғилган.
1981 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тугатган. Дастлаб «Ўзбекистон овози» газетаси, «Ўзбекистон» нашриётида, кейинчалик «Булунғур ҳаёти» газетасида ишлаган.
1997-2020 йилларда республика «Маънавият ва маърифат» маркази Булунғур туман бўлими раҳбари, сўнгра «Нуроний» газетаси ва «Кексалик гашти» журналининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири бўлиб фаолият юритган. Ҳозирда «Қадрият» газетаси бўлим мудири бўлиб ишлаб келмоқда.
Х.Қосимовнинг "Пул ва қон", "Грин кард" талвасаси", "Қадрият" китоблари чоп этилган.
Қуйида устоз ижодкорнинг ҳикояларидан бирини ўқийсиз.
****
Ўн гулидан бир гули ҳам очилмаган, ҳали вояга етиб улгурмаган фарзанди жиноятта қўл урган ота-онанинг изтиробларию дод-фарёдларини тасаввур қилиш қийин эмас. Бунинг устига, ота-оналари туғма ногирон бўлса-чи? Ҳа, бундай оилаларнинг ҳолатини тасаввур этиш ачинарли ҳол. Улар кучли зарбага учрайди, уяси бузилган арилардек, ўзларини қўярга жой тополмай, чор атрофга зир югурадилар. Тинч, фаровон турмушлари бир зумда жаҳаннамга айланади. Қўни-қўшнилар, қавм-қариндошлар, қолаверса, маҳалла-кўй олдида юзлари шувут бўлади.
Қабиҳ жиноятга қўл урган фарзанд наҳотки бир умр муқаддас саналган оила шаънини булғаётганини, яқинлари, ота-онасининг юзини ерга қаратиб, юракларига бедаво дард келтираётганини, уларнинг қаддини букаётганини ўйламаган бўлса?! Бундай қора ниятли кимсаларнинг ҳолига вой бўлади. Афсус ва надоматлар бўлсинки, суднинг қора курсисида пушаймон бўлиб, бош эгиб ўтирган ўспирин йигит Ришат Вейсалов жиноятга қўл ураётганда бу ҳақда мулоҳаза юритмади. Қабиҳ иши мудҳиш оқибатларга олиб келишини хаёлига келтирмади.
...Ришат эсини таниганидан буён кўнгли кемтик ўсди. Уч-тўрт ёшида тенгқурлари кўчани тўлдириб уч оёқли велосипедда пойга ўйнаётганларида у болаларнинг орқасидан пиёда чопди. Кўнгли ўксиб отасига ҳар куни, велосипед олиб беринг, деб зорланди. Шунда отаси ҳар гал титроқ, қадоқ қўлларини унинг бошига қўйиб, юзи, елкаларини силаб: «Олиб бераман, ўғлим, албатта, олиб бераман, бироз сабр қилгин», дерди.
Турк миллатига мансуб бўлган Ришатнинг ота-онаси ҳақиқатан ҳам туғма кўр, биринчи гуруҳ ногиронлари эди. Онасининг бир кўзи яқин атрофдаги нарсаларни зўрға кўрарди, холос. Ҳар ҳолда кўчада ўзга бир кишининг ёрдамига муҳтожлик сезишмасди. Шу боис у бозор-ўчарга, тўй-маъракаларга турмуш ўртоғини доим ўзи билан бирга етаклаб борарди. Шунинг учун шаҳарда ҳамма уларни яхши танирди. Бунинг устига, олти нафар фарзандини оқ ювиб, оқ тараб вояга етказишнинг ўзи бўлмайди. Болалари ейман-кияман, дейди, ширинликлар егиси келади. Иккисининг ногиронлик нафақалари эса бозор-ўчардан, қора қозонни қайнатишдан ортмайди. Шундай бўлса-да, ота-онаси фарзандларига ширин муомала қилар, кўнгилларига қарашарди.
Оиладаги ночор муҳит, етишмовчилик сабаб бўлдими, Ришат мактабда ўқишни давом эттира олмади. Шундан сўнг етим қолган қўзидай бошини дуч келган томонга ура бошлади. Арзимаган пулга қўни-қўшниларининг уй юмушларига ёрдамлашди. Бозорда тўрт-беш кун тирикчилик қилиб ҳам кўрди. Бири икки бўлмади. Ёшлик қилди. Техникага ўчлиги сабаб усталарга шогирд тушмоқчи бўлди.
Кейинги пайтларда Ришат хаёлига тез-тез эрк берадиган бўлиб қолди. Тинчлиги бузилди. Энди ўтган-кетганда очиқ дарвозадан кўзга яққол ташланиб турадиган қўшнисининг ихчамгина, оҳори тўкилмаган «Минск» русумли мотоциклига тез-тез қараб қўядиган бўлди. Қўшниси Толиб ака шу яқин орадаги кичик бир идорада ишлайди. Идора уйига яқин. Мотоциклда қатнашга асло ҳожат йўқ. Лекин онда-сонда кечқурунлари, дам олиш кунлари бу «матоҳи»да у ёқ-бу ёқларга чиқиб туради. Ришатнинг мотоциклга кўнгли кетган, чунки бир тепишда ўт олади. Тўғри, унинг сирдош, яқин дўстлари йўқ эмас. Қизиқиб айримларининг – «мопед»лари, мотоцикллари рулини бошқарган пайтлари кўп бўлган. Бу оёқ уловларнинг маркаларини ҳам бошқа тенгқурларига қараганда жуда яхши билади...
Саратон. Ёзнинг энг иссиқ кунлари бўлгани учунми, кўчада одам кам учрайди. Тушга яқин уйига қайтаётган Ришат яна кутилмаганда қўшнисининг дарвозаси томон кўз ташлади. Дарвоза хиёл очиқ. Мотоцикл эгарланган отдек кишнаб турибди гўё. «Миниб бир айланиб келсам қандай бўларкин?». Хаёлига ўрнашиб қолган бу фикр уни дарвоза томон етаклади. Бунинг устига, ҳовлида ҳам ҳеч ким кўринмайди. «Толиб аканинг ишдалиги аниқ, шундай бўлса-да, чақириб кўради. Бирон киши чиқиб қолса, баҳона кўп-ку». Ришат дарвоза ёнига келиб:
– Толиб ака, – деб уй эгаларини чақирган бўлди.
Яна бир-икки товуш солди. Жим-житлик. Бироз кутиб турди. Ҳеч ким садо бермади. Жуда қулай фурсат. Ришат дарвозанинг бир табақасини ярмигача очиб қўйди. Кейин секин-аста мотоциклга яқинлашиб, яна у ёқ-бу ёққа олазарак боқди. Қуюқ сояда дам олаётган қари Олапар гўё қўшнисига халақит бергиси келмагандай бошини кўтариб ҳам қўймади. Ришат мотоциклнинг суянчиғини ердан бўшатиб, эҳтиёткорлик билан кўчага олиб чиқди, анча жойгача етаклаб бориб, уйдан узоқлашгач, атрофга разм солди. У билан шу тобда кимнинг иши бўларди. Ҳамма ўзини сояга ураётган қоқ туш пайти бўлса. Ришат ўзини анча босиб олганди. Калитсиз ўт олдиришни яхши билгани учун қандайдир симни (кабелни) мотоциклнинг бир жойига улади. Шундан сўнг тепкини босди. Ўт олган мотоцикл Ришатнинг бошқарувида бир томонлама ҳаракатланадиган йўлдан «Самарқанд –Тошкент» йўналиши томон елдек учиб кетди.
Йўл ҳаракати қоидаларига хилоф равишда кутилмаганда рўпарасида пайдо бўлган юк машинаси мотоциклнинг мувозанатини издан чиқарди. Ўзини йўқотиб қўйган Ришат юк машинаси билан тўқнашиб кетмаслик учун рулни ўнг томонга бурган эди, йўл четида сумка ва алланарсалар кўтариб кетаётган аёл кишини уриб юборди. Икки қонунбузарнинг ножўя хатти-ҳаракати туфайли ҳалокат юз берди. Аёл мотоциклнинг зарбидан икки метрлар чамаси отилиб кетиб, юз тубан йиқилди. Ришат ҳалокат юз берган жойдан йигирма беш, ўттиз метрлар ўтиб кетиб, мотоцикл рулини зўрға жиловлади...
Ёши олтмишлардан ошган, қорамағиздан келган бир киши дарҳол машинани тўхтатди. Ҳайдовчига вазиятни тушунтириб:
– Ука, савоб иш қилинг, жароҳатланган кишини тезда касалхонага олиб бормасак бўлмайди, – деди.
Ҳайдовчи рози бўлди. Ҳалиги оқсоқол бош бўлиб, икки-уч киши жароҳатланган аёлни машинага ўтқазишди. Ўзи ҳам орқа ўриндиққа жойлашиб, аёлни суяб олди. Аёл оғриқнинг зўридан инграрди. Оқсоқол афтидан таниди шекилли:
– Ў, кўр акамнинг ўғли сен ҳам машинага чиқ, керак бўласан ҳали, – деб олдинги ўриндиққа ишора қилди. Бироз ўзини тутиб олган Ришат оқсоқолнинг нимага шама қилаётганини тушунмади. Бу оқсоқол маҳалла фаолларидан Жўрақул ака эди. Машина шитоб билан касалхона томон учиб кетди...
Жарроҳлик бўлимидан чиқиб келган Жўрақул ака Ришатга:
– Бўлар иш бўлди, ука. Биринчи ёрдам кўрсатишяпти. Опа ҳам гапиряпти. Оқтош қишлоғида яшовчи Сабоҳат исмли аёл экан. Жиззахга қизиникига бораётган экан. Ҳужжатлар расмийлаштирилди, – деди оқсоқол палатага қараб қўяркан.
– Раҳмат сизга, ака, кўп яхшилик қилдингиз. Шошиб қолдим, – деди Ришат чайналиб, оқсоқолни яхши танимаганидан ўнғайсизланиб. – Энди мен нима қиламан, ака?
– Бу бурчимиз, ука. Шифокорга ҳаммасини тушунтирдим. Шароитларингни айтдим. Улар опанинг қариндошларига хабар беришади. Сени ҳам чақириб қолиши мумкин. “Югур-югур”инг энди бошланади. Бардам бўл, ука. Айтиб қўяй, катта дўхтирнинг жаҳли ёмон. Эҳтиёт бўл, оилангни рўкач қилиб туравер, бошқа иложинг ҳам йўқ, – деди оқсоқол ва қўшиб қўйди. – Энди мен борай, кечга томон хабар оларман. Воқеа жойидан қочиб кетмаганинг яхши бўлди. Ҳар томонлама енгиллик бўлади сенга.
Ришатнинг кўнгли чўкиб, энг яқин кишисини йўқотгандай бўлди. Аъзойи бадани қалтирай бошлади.
Жарроҳлик бўлими мудири Тоҳир Камолович нафақат тиббиёт бирлашмасида, балки вилоятда донғи кетган, энг тажрибали, қўли енгил шифокорлардан. Ҳатто касалхонага иши тушган қўшни туманлардаги казо-казолар ҳам уни йўқлаб келишади, «тил топишишади». Тан олиш керак, бўлимдаги тартиб-интизомга, тиббий хизматга ҳамма қойил қолади. Тоҳир Камолович ўта қаттиққўл. Энг ёмон қусури шуки, мушук текинга офтобга чиқмайди қабилида иш тутади. Бўлимга тушган беморнинг ким бўлиши, шароити борми-йўқми, бу уни мутлақо қизиқтирмайди. Шифокорнинг бу одатини ҳамма яхши билади.
Тоҳир Камолович опанинг жароҳатларини синчиклаб кўриб чиқди. «Ҳечқиси йўқ, хавфли эмас экан, икки-уч кунда оёққа туриб кетади», кўнглидан ўтказди у. Беморга қараётган ҳамшираларга тегишли муолажалар кўрсатиш бўйича топшириқлар бериб, хонасига кираркан, ўйланиб қолди: «...Вояга етмаган бола, ота-онаси туғма кўр, дедими. Дарвоқе, уларни жуда яхши танийман. Кўча-кўйда доим етаклашиб юради. Илгари маслаҳат сўраб қабулимга ҳам келиб туришарди. Уларни бу ерга чақиришдан фойда йўқ. Қайтага уларни кўриб, кўнглим эзилади. Йигитнинг ўзи билан гаплашаман-қўяман». Ташқарида турган айбдор – Ришатни чақиртирди. У эшикни тақиллатиб шифокор ҳузурига кирди. Тоҳир Камолович касаллик варақасидан кўзини узиб саломга алик оларкан, ўтир дегандай ишора қилди. Сўнг унга юзланиб:
– Хўш, «қаҳрамон», нима бўлди, гапир қани, – деди сўрашишни ҳам насия қилиб.
– Шошиб қолдим, олдимдан юк машинаси чиқиб қолди. Кейин, кейин...
– Кейин момонгнинг қорни бўлди, шундайми? – деди Тоҳир Камолович, шартта сўзини бўларкан. – Ҳў-ў, бола, касалнинг аҳволи оғир, эрталабгача борадими, йўқми, Худо билади. Боши қаттиқ жароҳатланган, суяклари синган... Ота-онангни бу ерга чақиртиришдан фойда йўқ. Бақувватроқ яқин қариндошларинг борми? – деди шифокор кўзидан кузойнагини оларкан, масалага жиддий тус бериб. – Вазиятни яхшилаб тушунтир, қисқаси, эрталабгача икки миллион сўм топиб келмасанг, мелисага хабар қилишимизга тўғри келади. Ҳужжатлар «тил»га кириб, қамалиб кетишинг мумкин. Ҳали ёшсан, пул топиладиган нарса, бола, – деб уни қатъий огоҳлантирди.
– Тоғамлар, аммамлар бор. Тушунтириб айтаман, топиб келаман... – деди Ришат секингина.
– Ота-онангга пул ҳақида гапириб ўтирма, ҳаракатингни қил, эрталаб ҳузуримда бўл, хўпми, – қўшиб қўйди дўхтир.
Ришат ташқарига чиққан ҳам эдики, шифокор ҳузурига чақирган ҳамшира қиз келиб:
– Ука, сизни анчадан буён бир киши кутяпти, – деб сояда ўриндиқда дам олиб ўтирган, соч-соқоллари ўсган, олтмиш ёшлардаги озғин бир кишининг олдига бошлаб борди. Бу инсон жарроҳлик бўлимига ётқизилган опанинг турмуш ўртоғи Хўжабек ака эди. Ёнида ўтирган икки киши ҳам у билан бирга келганди.
– Ҳе, онангни... итдан тарқаган, хотинимни нима қилиб қўйдинг, – деди Ришатнинг юзига тарсаки тортишга чоғланаркан.
Ҳамшира қиз ўртага тушиб, қўйинг, бобо, қўйинг, уят бўлади, демаганида унинг юзига бир-икки шапалоқ тушиши аниқ эди. Ришат қўрққанидан кўзига ёш олди:
– Кечиринг, амаки, жуда шошиб қолдим.
– Ота-онанг очиқ лаҳаддами? Чақирсанг ўласанми уларни ҳам, – деди оқсоқол ҳовуридан тушмай Ришатга баттар ўдағайларкан.
– Улар келишолмайди, иккиси ҳам кўр, но...гирон, – деди ерга қараб.
Ҳамшира қиз ҳам бошини ирғаб унинг гапини тасдиқлади.
Хўжабек ака бу гапдан сўнг бироз шаштидан тушиб, ёнида турган шерикларига, нима қиламиз энди, дегандай юзланди. Улар елка қисишди.
Уларнинг муросага келишаётганини кўнгли сезган ҳамшира қиз, менга жавоб, дегандай ортига қайтди.
– Қисқаси, гап бундай, ука, бўлар иш бўпти. Мана бу дорихонадан насияга олган дориларимнинг рўйхати, ҳужжатимни бериб дори олдим, – деб унинг қўлига бир варақ қоғоз тутқазди.
– Ҳозироқ тўлаб, ҳужжатимни олиб берасан. Дўхтирлар сўраб қолишса, яна дори олиб беришингга тўғри келади, – деб Ришатга қаттиқ тайинлади. Шундан кейин унинг манзилини суриштиришди. Ёзиб олишни ҳам унутишмади.
– Бугун пул топиб келиб, эрталаб келиб тўлайман, – деди у Хўжақул акани ишонтириб. Қўл телефонининг рақамини ҳам берди.
– Билиб қўй, бола, момонг тўрт-беш кун ётадиган кўринади. Тез-тез келиб хабар олиб турасан, у-бу нарса дегандай. Шарти шунақа бўлади бунақа «ишларни», ука, – деди Хўжақул ака. – Кун оғди, ҳадемай кеч кериб қолади, сен бориб ҳаракатингни қил, биз шу ерда қоламиз. Эртага вақтлироқ кел, яна сан-манга бориб юрмайлик. Оқибати ёмон бўлади.
Ришат шифохона дарвозасидан чиқар экан, орқасига қараб қўйди. Бироз енгиллашгандек бўлди. Дорилар рўйхати битилган қоғозни қўлига олиб разм солди. «Булар ҳам талай пул турса керак», кўнглидан ўтказди у.
Ришат уйига келганда соат тўртлар чамаси эди. Жўрақул ака Толибжонлар огоҳлантирган бўлишига қарамай, ота-онаси уни ўртага олиб қаттиқ койишди. У: «Бошқа бундай қилмайман», деб онт ичди. Ота-онасининг аҳволини яхши тушунгани, бусиз ҳам турмушлари оғирлигини ўйлаб, уларга бўлиб ўтган воқеалар, пул тўғрисида оғиз очмади. «Пулларни эртагаёқ, албатта, тўлашим керак. Кимдан қарз олсам экан? Аҳволимни тушунтирган тақдиримда ҳам ким менга қарз бериб турарди. Нима қилсам бошимга тушган бу мушкулотдан қутуламан?». Хаёлини чулғаб олган бу саволлар унга бир зум тинчлик бермасди. Шу тобда унинг хаёлига бирдан, ўғрилик қилсаммикан, деган фикр келди. Дабдурустдан хаёлига келган бу совуқ фикрдан сесканиб тушди. Бутун аъзойи бадани ток ургандек жимирлаб кетди. Уйга кирса ҳам, ташқарига чиқса ҳам бошини қўярга жой топа олмай гарангсиб қолди. Хаёлини чалғитиш учун бироз кўча айланиб келди. Укаси билан нарда ўйнади. Барибир бўлмади, «ўғирлик қиламан, ҳа, ҳа, бундан бошқа иложим йўқ». Кеч кира бошлаган сайин бу фикр Ришатнинг миясига тобора маҳкамроқ ўрнаша бошлади. Жиноят ичидаги жиноят мана шундан бошланди.
Ўқишни ташлагач, тушкунликка тушган, пулдан қийналган кезлари Ришатнинг хаёлига мана шундай ёмон фикрлар ҳам келиб турарди. Анча вақтдан буён темир йўл ёқасида хилватроқ жойдаги бир дўконни кўз остига олиб юрарди. Дўконга кириб қолгудек бўлса, уни бу ердаги моллар асло қизиқтирмасди. Уни дўкон эшиклари, ромлари уларга ўрнатилган турли хил қулфлар кўпроқ қизиқтирарди. Дўкон ихчам бўлишига қарамасдан ҳамма нарса - озиқ-овқат, кийим-кечаклар, ҳатто хўжалик моллари ҳам топиларди. Омборхонасида ҳам талайгина моллар бор эди. Дўкон орқасига битта темир панжарали дераза ўрнатилганди. Ришат кечки пайт дўконни яна бир бор кўздан кечириб, келди. «Ҳеч бир қийин жойи юқ, ихчамроқ арматура бўлса бўлгани, осон кечади», кўнглига тугди у.
Ришат қўлидаги қуроли – арматура билан дўконнинг орқа тарафидаги темир панжарани кўчиришга киришганда соат 01:00 лар чамаси эди. Тун ярмидан ошаётгани учун чор атроф сув қуйгандек жим-жит. Бирор шарпа сезилмайди. Бу Ришат учун қўл келди. Бунинг устига, поезд ўтаётган шовқинли дақиқалардан ҳам «унумли» фойдаланди. Темир панжарани бемалол бузиб, ҳеч тап тортмасдан ичкарига кирди. Бу дўконнинг омборхонаси эди. Қўл телефони чироғини ёқиб, молларни шоша-пиша титкилади. Омборхонадан олиб чиқиб кетиши лозим бўлган буюмларни деразанинг олдида турган сумкалари ёнига келтириб қўя бошлади. Сўнг қўл телефони чироғини ўчириб, ташқаридан бироз бўлса-да, ёруғлик тушиб турган, савдо қилинадиган хонага ўтиб, энгашиб олиб пул ахтаришга тушди. Пул солинадиган қутидан насибасига яраша пул ҳам топди. Шу тариқа Ришат бир зумда ўзи билан олиб келган уч-тўртта сумкаларини эркаклар, аёллар туфлиси, турли хил кийим-кечаклар ва қимматбаҳо камёб моллар билан тўлдирди. «Ўлжа»ларни олиб чиқиб, уйи томон йўл олди. Тунги соат 02:00 ларда уч-тўртта сумка кўтарган, чор тарафга ўғринча назар ташлаб жон-жаҳди билан қадам ташлаётган бу йигит ҳар қандай кишига ҳам шубҳали туюлиши аниқ эди. Ришатни тунда ўз хизмат вазифаларини адо этаётган ЙПХ ходимлари тўхтатишди. Ўғрилиги исботлангач, уни туман ички ишлар бўлимига олиб келишди. Тез орада тергов, суриштирув ишлари бошланиб, тўпланган барча ҳужжатлар, ашёвий далиллар судга оширилди.
Ришат суднинг қора курсисида ўтирган бўлишига қарамай, шифокор талаб қилган порадан, дори-дармонлар учун тўлаши лозим бўлган бир талай пуллардан, бошқача қилиб айтганда, бир одам «ташвишлар»дан қутулганидан кўнгли таскин топгандек эди, гўё. Суд ҳайъати ҳукмига кўра, Ришат Вейсалов Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айбли деб топилиб, икки йилга озодликдан маҳрум этилди. Бироқ унинг вояга етмаганлиги, оилавий шароитининг оғирлиги, муқаддам судланмаганлиги, ўз айбига тўлиқ иқрорлиги, қилган жиноятларидан қаттиқ пушаймонда эканлиги, қолаверса, ота-онасининг ногиронлиги, шунингдек, олган буюмларининг дўконга тўлиқ қайтарилгани ҳисобга олиниб, ҳукм ижроси икки йилга кечиктирилди.
Оиладаги муҳит, турмуш қийинчиликлари, муҳтожлик туфайли юз берган бу мудҳиш жиноят шу тариқа ўз ечимини топди.
Холбой ҚОСИМОВ.