Табиатдаги ўзгаришлар замирида яралган байрам
Наврўз ёки бошқача номи бўлган Йилбоши жуда қадим даврлардан бери элимиз орасида нишонланиб келинди. Туркий тилли ва форсийзабон халқлар Марказий Осиёда азалдан қўни-қўшни, қуда-анда бўлиб яшаб келади. Улар орасида байрамнинг келиб чиқиши билан боғлиқ қатор ривоятлар сақланмоқда.
Бу байрамга зардуштийликда катта эътибор берилди ва у шу дин тушунчаларига мос талқин қилинди. Унинг келиб чиқиши Зардуштнинг пайғамбар бўлган ёки Жамшиднинг тахтга чиққан куни билан боғлиқ тарзда тушунтирилди. Ислом кириб келгач, байрамнинг ижодкори деб Сулаймон пайғамбар ривоят қилинди, унинг мўъжизавий узугининг топилиши Наврўзга сабаб деб билинди. Аслида ҳар қандай диний тушунчалардан холи бўлган ва айни вақтда барча динлардаги эзгу тушунчаларни ўзида акс эттирган, табиатдаги ўзгаришлар замирида яралган бу байрамнинг асл ижодкори қадимги аждодларимиз бўлди. Азалдан ўзларини табиатнинг бир бўлаги деб билган, коинот жисмларини кузатиб борган ва астрономик тизимларни қатъий ўрганиб чиққан аждодларимиз 21 мартдан 22 мартга ўтар вақтида табиатда содир бўладиган ўзгаришларни аниқлаб, шу байрамни ижод қилишди.
Сумалакнинг келиб чиқиши ҳақида турли, гоҳида ўта жўн фикрлар ҳам билдирилди. Айрим ривоятларда келтирилишича, дастлаб бу таомни ўттиз самовий малак пиширганлиги сабаб у “су” ёки “си малак” деб аталган экан.
Бу каби ривоятларни биргина мисолнинг ўзи инкор қилади: “малак” яҳудий (иврит) тилидаги «мал’а́х» (фаришта) сўзининг арабча варианти бўлиб, у жуда кўплаб диний сўзлар каби араб истилоси даврида тилимизга кириб келган. Унинг сумалак билан ҳеч қандай алоқаси йўқ! Сумалак қадимги ўзбеклар орасида исломдан минг йил олдин ҳам истеъмол қилинган. Сумалак масаллиқларининг оддий эканлиги таомнинг яралиш даврининг жуда қадимийлигига ишорадир. Аслида сумалак “чалпак”, “камалак”, “капалак”, “жамалак” каби оддий ўзбекча сўз бўлиб, буғдой майсаларидан тайёрланадиган таом маъносини билдиради. Шу сабабли Маҳмуд Кошғарийнинг ХI асрда яратилган “Девону луғатит турк” асарида сума(лак) сувда ивитилган буғдой майсаларидан тайёрланадиган қуюқ таом эканлиги келтириб ўтилган.
Қипчоқ ва ўғуз турклари орасида сумалак сўзи учрамайди. Бироқ “Девону луғатит турк” асарида сумалакка ишора бор. Чунки асарда қайд қилинганидек, “очиқ ва равон” туркий тил Ҳоқония ўлкаси, яъни Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Бухорода муомалада бўлган ва шу тилда ижод қилинган. Тили турк, қозоқ, қирғиз тилларидан кўра, ўзбек тилига яқин бўлган Маҳмуд Кошғарий Ҳоқония ўлкасида туғилиб, яшаганлиги сабабли шу ҳудуд туркийларининг тили, маданияти ва анъаналарини яхши билган.
Энди Йилбошидан ўзгарадиган мучал ҳисоби хусусида икки оғиз. Наврўз каби мучал тақвими ҳам коинотдаги ва табиатдаги ўзгаришларнинг ҳисоб-китоби натижасида ижод қилинди. Элимизнинг қадимги аждодлари томонидан яратилган ва 12 жонивор номи билан аталган мучал тақвими уч оддий кўрсаткич - Ойнинг Ер атрофида бир ой ичидаги айланиши, Ернинг Қуёш атрофида бир йил ичидаги айланиши ва Юпитернинг Қуёш атрофида айланиб чиқишига асосланди. Юпитернинг тахминан 12 йил ичида Қуёшни айланиб чиқишини яхши билган аждодларимиз Юпитер айланиш даврини 12 қисмга бўлиб, уларни ўтмишдаги маҳаллий жониворлар номи билан эски ўзбек тилида аташди ва кейинчалик кўплаб халқлар тақвимига айланган мучални ижод қилишди. Тўрт фаслни ўзида тўлиқ намоён қилувчи, ўз номи билан Марказий Осиё деб аталувчи ҳудудда осмондаги, табиатдаги мавсумий ўзгаришларни кузатиш ҳар томонлама аниқ ва тўғри ҳисоб-китобларга сабаб бўлади. Бунинг исботига икки мисол келтириш мумкин: бири юртдошимиз Абу Райҳон Берунийнинг жуғрофий ва астрономик ҳисоб-китоблари натижасида Ер юзининг юмалоқ эканлиги ва ҳозир Шимолий Америка деб аталадиган қитъани аниқлагани бўлса, яна бири Мирзо Улуғбекнинг Самарқанд обсерваториясидан туриб, коинотни давр нуқтаи назаридан ипидан игнасигача ўрганиб, “Зижи Кўрагоний”ни яратганидир.
Ўтмишдаги тақвимлар орасида энг тушунарли, қизиқарли ва ишончли бўлган ўн икки ҳайвон номи билан аталадиган мучал тақвими русларда кўпинча Хитой календари сифатида қайд қилинади. Бироқ Хитой манбаларида келтирилишича, хитойлик файласуф Чжу Сидан шогирди йилларни ўн икки ҳайвон номи билан аташ одати қаердан келганлигини сўраганда, шогирдининг бу саволига устоз жавоб беришга ожиз қолган экан. Шимол тарафдаги Марказий Осиё халқлари орасида нишонланадиган байрамдан бошлаб ўзгарадиган мучал тақвимининг хитойликларга кириб келганлигини устоз айта олмаган.
Донишманд Чжу Сигача юз йил олдин яшаган Маҳмуд Кошғарий “Девону луғатит турк” асарида туркий эл орасидан ёзиб олган бир ривоятни келтиради. Унга кўра, қадимда турк ҳоқони барча ҳайвонларни дарё бўйига қувдириб келиб, улардан қайси бири нариги қирғоққа тезроқ сузиб ўтишини кузатибди. Биринчи бўлиб сичқон дарёни кесиб ўтибди. Унинг кетидан ҳўкиз, барс, қуён, балиқ, илон, от, қўй, маймун, товуқ, ит ва чўчқа қирғоққа чиқибди, йилларни осон эслаб қолиш учун уларни шу тартибда номлабди.
Маҳмуд Кошғарийдан анча олдин, яъни VII–VIII асрларда битилган урхун Энасой ёдгорликларидаги ёзувларда маълум арбоблар билан боғлиқ саналар мучалдаги ҳайвонларнинг номини келтириш орқали белгиланган. Уларда Билка ҳоқоннинг отаси ит йили қазо қилганлиги, чўчқа йили маросимлари ўтказилганлиги ёки Кул Тегин қўй йилининг 17-куни вафот этганлиги, маймун йилининг 7-ойи 27-куни эса қабрига тош қўйилганлиги ёзилган.
Хитойликлар мучал тақвимини қадимги туркийлардан буддизм (бурҳонлик) билан бирга ўзлаштириб олган. Хитойликлар тақвимдаги балиқнинг ўрнига ўзларининг мифологик тушунчаларидаги аждарҳони киритиб, реал жониворлардан таркиб топган мучални мифологик тушунчалар билан ўзгартиришди. Хитойликларда ўтмишда ўзлари ижод қилган 60 йилни қамраб олган тақвим қўлланган. Мучал тақвими эса туркийлардан фарқли равишда Хитойда расмий қўлланмай, ундан асосан оила қуришда, бирор ишни бошлашда тақдирнинг қандай келишини аниқлашда фойдаланган.
Қизиғи шундаки, Наврўз ва сумалак каби ҳатто мучалга ҳам ўз вақтида диний муносабатда бўлинди, асл ўзбекча ҳайвон номлари арабийлашди. Мучал элимиз орасида араблар келгунига қадар расмий тақвим сифатида қўлланилиб келинганлигига кўз юмилди. Шу сабабли оддий эл арабча шамсий, қамарий тақвимдан кўра, содда ва тушунарли бўлган мучалдан фойдаланишди. Ҳозирда ҳам ёши катта отахон ва онахонлар орасида мучал йили билан ҳисоблаш, мучал тўйини ўтказиш анъанаси сақланиб қолган.
Хулосаси ўрнида айтиш мумкинки, қадимги Ўзбекистон халқи инсоният маънавияти хазинасига ўзининг улкан ҳиссасини қўшиб келган ва қўшиб келмоқда.
Эркин Мусурмонов,
СамДУ профессори.