Таниқли ижодкорлар ўқитувчилар билан учрашди
Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда вилоятимизда пойтахтдан келган шоир ва ёзувчилар иштирокида ижодий учрашувлар ўтказилмоқда. Бугун улар вилоят педагогларини янги методикаларга ўргатиш миллий маркази тингловчилари билан учрашди.
Тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди.
- Бугун эл севган ижодкорлар Эркин Аъзам, Усмон Азим ва Маматқул Ҳазратқуловнинг самарқандлик ёшларни тарбиялаётган ўқитувчилар билан ижодий учрашув ўтказаётганлиги учун барчамиз миннатдормиз, - деди Э.Турдимов. - Чунки таниқли инсонлар билан бўладиган ҳар бир мулоқот ёшларда китобхонлик маданиятини оширади.
Учрашувда Ургутда туғилиб ўсган ва пойтахтда турли масъул вазифаларда ишлаган таниқли журналист, ёзувчи Маматқул Ҳазратқуловнинг ижоди, кейинги йилларда чоп этилган китоблари ҳақида сўз юритилди. Усмон Азим томонидан ўқилган шеърлар, Эркин Аъзам асарларидан келтирилган иқтибослар иштирокчиларга кўтаринкилик бағишлади.