“Тарғибот автокарвони” кўргазмали тадбирлари ўтказилмоқда (фото)
Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан 2020 йилнинг дастлабки 20 куни давомида содир этилган йўл-транспорти ҳодисаларида иштирок этган автомашиналар ортилган тарғибот автокарвони ташкил этилиб, Андижон шаҳри, Андижон, Олтинкўл туманларининг аҳоли гавжум жойларида профилактик тадбирлар ўтказилди.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда тарғиботнинг алоҳида ўрни бор. Инсонда шундай одат борки, қилмишининг оқибатини тушуниб етмагунча ёки кўзи билан кўрмагунча ундан қайтмайди. “Тарғибот автокарвони”нинг мақсади ҳам ҳайдовчи ва пиёдаларга, умуман, фуқароларга йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик қандай оқибатларга олиб келишини кўрсатиш ҳамда шу орқали уларни ҳушёрликка чорлаш бўлди.
Шунингдек, таълим муассасаларида ҳамда мунтазам ЙПХ масканидан ўтаётган фуқаролар ўртасида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилиб, ходимлар томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигига доир тушунтириш ишлари олиб борилди.