Тиббиёт тажрибаларни оммалаштириш, ўзаро мулоқотлар асосида ривожланади

Тошкент шаҳрида ўтказилган “Замонавий ревматологияда фанлараро муаммолар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман иштирокчиларининг бир гуруҳи Самарқанд шаҳрига келди.

Россия Фанлар академияси академиги, профессор В.Мазуров, профессор Л.Алексеева, Қирғизистон ревматологлар ассоциацияси президенти, профессор А.Мамасаидов, Тошкент тиббиёт академияси кафедра мудири, профессор Х.Мираҳмедовалардан иборат меҳмонлар дастлаб Самарқанд давлат тиббиёт университети кўп тармоқли клиникасида бўлишди. Клиника бош шифокори Н.Абдуллаева уларга ревматология бўлими фаолияти, унда шифокор ва беморлар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди.

— Тиббиёт кун эмас, соат сайин ривожланиб, замонавийлашиб бормоқда, - дейди В.Мазуров. – Аммо биз унинг асосини, яъни инсонларни даволаш механизмини унутмаслигимиз лозим. Мисол учун, оддий “мулоқот” маданияти жараённинг энг муҳим бўғини ҳисобланади. Кузатувларимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бугун аксарият шифокорлар бемор билан оддий мулоқотга киришишга қодир эмас. Бу катта хато. Ҳақиқий шифокор мулоқот орқали шаклланади. Бугун бизнинг Самарқандга келиб, сиз билан учрашишимиз ҳам бир мулоқот шакли, яъни тажриба алмашиш имкониятидир.

Жараёнда меҳмонлар терапевт шифокорлар ҳамда бошқа тиббиёт ходимлари билан суҳбат қилиб, фикр ва тажриба алмашди. Университет талабалари учун маҳорат дарси ўтилди.

Асқар Баротов.