Тожикистонда ҳам таксилар энди махсус рангда бўлади
Душанбе шаҳар ҳокимияти шаҳарда фаолият юритаётган такси корхоналарини 15 июнгача ўз такси хизматини кўрсатадиган машиналарини белгиланган махсус ранглар билан қоплашни, акс ҳолда талабни бажармаган корхоналарга оғир жазолар қўлланиши ҳақида огоҳлантирмоқда.
"Белгиланган муддатда талабларни бажармаган такси хизмати кўрсатадиган корхона ёки жисмоний шахслар ўз лицензиясидан маҳрум қилинади", дейилади Душанбе шаҳар ҳокимияти сайтидаги огоҳлантирув хабарида.
Жорий йил январь ойида Душанбе шаҳар ҳокими Рустами Эмомали пойтахт Душанбе таксилари қандай турда фаолият кўрсатишидан қатъий назар ягона рангда юриши лозимлиги ҳақида қарор эълон қилган эди. Қарорда 15 июнгача пойтахтда фаолият олиб бораётган такси корхоналари ўз машиналарини ягона дизайнга ўтказишлари белгиланганди.
Таксилар учун дизайн ўтган йил ноябрда очиқ танлов ўтказиш йўли билан танлаб олинган эди.
Танловда ғолиб чиққан ва жорий қилинаётган дизайнга кўра такси машиналарини янгитдан бўяш шарт эмас. Унга елимли махсус қоплама билан қопласа ҳам бўлади. Талабга кўра такси фаолияти билан шуғулланадиган корхоналар ўз машиналарини фақатгина том ва юқори қисмини махсус сариқ қоплама билан қопласалар етарли бўлади. Эшикларга эса ўзларининг логотиплари ва боғланиш учун телефон номерларини ёзсалар кифоя.