Трамп АҚШда 1 миллиондан ортиқ кишининг коронавирус билан касалланганлик ҳолатига изоҳ берди

Бу - дунёдаги энг зўр тест таҳлили тизимининг натижаси, деди Дональд Трамп ўз Твиттер саҳифасида.

“АҚШда миллиондан зиёд фуқарода коронавирус аниқланганлиги ҳақидаги хабарларнинг ягона сабаби шундаки, бизнинг тест таҳлили тизимимиз бошқа барча давлатларникидан кўп маротаба зўр”, дея у бошқа давлатлар тест таҳлили ўтказиш бўйича америкаликлардан шунчаки ортда қолаётганлигини, шу сабабдан ҳам уларда касалланиш ҳолати кам қайд этилаётганини қўшимча қилди.

Айни вақтда АҚШ коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати бўйича дунёда етакчилик қилмоқда. У ерда 1 миллиондан ортиқ коронавируснинг янги тури билан касалланиш ҳолати қайд этилган.

Жонс Хопкинс университети берган маълумотга кўра, мамлакатда 5,7 миллиондан ортиқ одам тест таҳлилидан ўтказилган. Шу билан бирга, АҚШ ўлим ҳолатлари бўйича ҳам дунёда етакчилик қилмоқда. Яъни, Трамп бошчилик қилаётган давлатда 58 мингдан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилган ва 115 минг нафар бемор соғайган. Бугунги кунгача дунё бўйлаб 3,1 миллиондан ортиқ касалланиш ҳолати аниқланган.