Туризмнинг янги уфқлари
Яқинда давлатимиз раҳбари иштирокида мамлакатимиз туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда сайёҳлар оқими билан боғлиқ вазият таҳлил қилинди. Мазкур йиғилишда йил бошидан Самарқанд энг кўп сайёҳларни қабул қилгани таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан соҳага доир қатор камчилик ва муаммолар, уларнинг ечимлари кўрсатилди.
Туризм соҳаси кейинги йилларда тизимли тарзда ривожланиб бораётгани, унинг узоқ йиллардан бери режада бўлган, аммо амалга ошмаган турлари ривожланаётганини кузатиб боряпмиз. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган бу саъй-ҳаракатларнинг замирида юртимиз ободлиги ҳамда аҳолининг бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш мақсади мужассам.
Яна 7 та меҳмонхона очилади
Бугун вилоятда туризмнинг 13 тури (зиёрат, экскурсион, гастрономик, бизнес, экотуризм, этнотуризм, тоғ-экстремал, спорт, ишбилармонлик, таълим, тиббий, транзит) фаолият олиб бормоқда. 60 та зиёрат туризми объекти, 42 та гастрономик, 14 та этнотуризм, 26 та экотуризм, 16 та агротуризм, 21 та тиббиёт туризми объектлари мавжуд.
Меҳмонларнинг Самарқандда бемалол саёҳат қилишлари учун меҳмонхоналарнинг аҳамияти катта. Айни пайтда 14 мингга яқин ўринга эга бўлган 488 та жойлаштириш воситалари фаолият юритади. Биргина 2022 йилда 4248 ўринли 32 та янги меҳмонхона очилди. Сентябрь ойида 13 та янги меҳмонхона фойдаланишга топширилди.
Йил якунига қадар яна 840 ўринли 7 та меҳмонхона фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Бир кунлик харажат – 152 ақш доллари
2022 йил бошидан 15 сентябрга қадар Самарқандга 114 давлатдан 553 минг 68 нафар хорижлик сайёҳ ташриф буюрди. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 112 минг нафар бўлган. Самарқандга ташриф буюрган сайёҳларнинг 213 минг нафари Россия Федерациясидан, 125 минг нафари Тожикистон, 72 мингга яқини Қозоғистон, 18 мингга яқини Туркиядан келган.
Бугунги кунда туристларнинг Самарқандда ўртача қолиши 2,6 кунни ташкил қилмоқда. 2021 йилда бу 2 кун бўлган. Хорижлик туристларнинг бир кунлик харажати 152 АҚШ долларини, маҳаллий туристларники 550 минг сўмни ташкил этмоқда. Уларнинг яна бир кун қолиш кунларини узайтириш орқали туризм хизматлари экспорти йилига қўшимча 14 миллион АҚШ долларига кўпаяди.
Туризм қишлоқлари
Кейинги йилларда туризмнинг ранг-баранглигини ошириш, қолаверса, миллий урф-одат, анъаналаримизни намойиш қилиш мақсадида ҳудудларда туризм қишлоқлари ташкил этилмоқда. Самарқандда ҳозирча бешта - Конигил, Терсак, Чоштепа, Андоқсой, Оқсой туризм қишлоқлари ташкил этилган. Ушбу масканларда сайёҳларга 100 га яқин меҳмон уйлари хизмат кўрсатмоқда.
Янги йўналишлар, янги парвозлар
Бугунги кунда вилоятда 192 та туроператор, 410 нафар гид-таржимон фаолият юритиб, 144 та туристик автобус, 136 та микроавтобус ҳаракатда. Транспорт воситалари бир вақтнинг ўзида 7200 нафар туристга хизмат кўрсата олади.
Бир ҳафта давомидаги кўрсаткичларга кўра, 8634 нафар сайёҳ ҳаво йўллари орқали, 14600 нафари темир йўллари ҳамда 23890 нафар сайёҳ автобус ва хусусий транспортлар орқали Самарқандга келган.
21 сентябрь куни Бирлашган Араб Амирликларининг flaydubai авиакомпанияси томонидан “Дубай-Самарқанд” йўналишида биринчи авиақатнов қабул қилинди.
Дастлаб, ҳафтасига икки марта, кейинчалик ҳафтасига тўрт марта авиарейслар амалга оширилиши режалаштирилган. Бугундан эса “Aндижон – Самарқанд – Aндижон” йўналишида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилди.
Тойлоқда логистика ва дам олиш маркази қурилади
Вилоят бўйича туризм соҳасида 5,9 триллион сўмлик 365 та лойиҳани амалга ошириш орқали 21 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилади. 2022 йил 8 ойи давомида 18,5 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди.
Яқинда Самарқанд туманидаги Конигил туризм қишлоғи-нинг иккинчи босқичи қурилиши бошланди. Ушбу лойиҳа доирасида 100 та туризм объекти ва 500 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Йирик инвестицион лойиҳалар ҳақида айтадиган бўлсак, улар анчагина салмоқли. Хусусан, Ҳазрати Довуд зиёратгоҳига туташ ҳудудда лойиҳа қиймати 12 миллион АҚШ доллари бўлган дор йўли барпо этилмоқда. 2023 йилда қурилиши якунланиши кўзланаётган мазкур лойиҳа доирасида 8 гектар ҳудудда туризм комплекси ташкил этилади.
Шунингдек, Тойлоқ туманида 2022-2025 йилларда Имом ад-Доромий мақбарасини таъмирлаш, янги масжид, кутубхона, ўқув хоналарни барпо этишни ўз ичига олган лойиҳа ишга туширилиши кўзда тутилган. 2023 йил сентябрига қадар туманда “Bro Beans” корхонаси томонидан 110 ўринли меҳмонхона, логистика маркази ва дам олиш маскани фойдаланишга топширилади.
Маданий мерос объектларида автотураргоҳлар етишмайди
Афсуски, амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, камчиликлар ҳам анчагина. Уларнинг ечими устида изланишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, вилоятдаги тарихий обидалар ва музейлар имкониятларининг бор-йўғи 50 фоизидан самарали фойдаланилмоқда.
Қолаверса, вилоятда салоҳиятга эга 98 та маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, ҳозирги вақтда улардан 51 таси сайёҳлик йўналишларига киритилган.
Яхши биламиз, хориждан келган меҳмон куннинг барча қисмидан унумли фойдаланишни, яъни дам олишни истайди. Афсуски, вилоятда сайёҳларнинг тунги пайт мазмунли дам олишлари учун масканлар кам.
Нуробод — тиббиёт туризми ҳудуди
Нуробод туманида жойлашган родонли сув билан даволашга ихтисослаштирилган сиҳатгоҳларни бирлаштирган ҳолда тиббиёт туризми зонасини ташкил этиш, бунда ташаббускор тадбиркорлар ва хорижий инвесторларни жалб
этган ҳолда ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш кундан-кунга талаб ортиб бораётган маҳаллий сайёҳларнинг эҳтиёжи саналади. Махсус солиқ имтиёзларини жорий этиш, тиббиёт ускуналарини олиб киришга имтиёз бериш орқали ҳудудда инфратузилманинг яхшиланиши ҳамда нафақат маҳаллий, балки хорижлик сайёҳларни ҳам кўпроқ жалб этиш имконияти мавжуд.
Мамлакатимиз раҳбари ўтказган йиғилишда “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” тарғибот кампаниясини ўтказиш белгиланди ва бу борада амалий ишларни бошладик.
Йил якунигача янги туристик марказда бир қатор халқаро анжуман ва форумлар, мусобақалар ўтказиш кўзда
тутилган. Жумладан, 8-9 октябрь кунлари триатлон бўйича Осиё кубоги мусобақаси ва халқаро гастрономик фестиваль, 24-27 октябрь кунлари Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги, ноябрь ойида иқтисодий форум ва туркий тилли давлатлар раҳбарларининг навбатдаги учрашуви, Самарқанд ярим марафони ўтказиш режалаштирилмоқда.
Рустам ҚОБИЛОВ,
вилоят ҳокими ўринбосари -
туризм ва маданий мерос бошқармаси бошлиғи.