Хитойда 100 миллиондан ортиқ аҳолига эга ҳудуд карантинга олинди
Хитойнинг шимолий-шарқида коронавирус хуружининг олдини олиш чора-тадбирлари туфайли 108 миллион одам карантин ҳудуди ичида қолди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар берди.
Агентлик тақдим этган маълумотга кўра, ҳудудда жами 34 нафар касалланиш ҳолати қайд этилган. Бироқ Цзилин вилояти ҳукумати автобус ва темир йўл ҳаракатларини тўхтатиш, мактабларни ёпиш ва одамларни алоҳидалаш қарорини қабул қилган. Ушбу чора-тадбирлар мамлакатда эпидемия тугади, деб ҳисоблаган аҳолининг саросимага тушиб қолишига сабаб бўлгани айтилмоқда.
Шулань шаҳри (Цзилин вилояти) раҳбарияти коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун қатъий чоралар кўрилишини, жумладан, коронавирус инфекцияси аниқланган кўп қаватли уйлар карантинга ёпилишини маълум қилди. Ҳар икки кунда бир нафар оила аъзоси уйдан ташқарига чиқиши ва зарурий озиқ-овқат ва дори воситалари харид қилиши мумкин. Шу билан бирга, Шулань шаҳри ва шаҳар атрофидаги ҳудудларга кириш ва чиқиш тақиқланди.