Хорижликлар ҳам Навоийга эҳтиром кўрсатди
Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи эрта тонгдан давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёзувчилар, шоирлар, талаба ва ўқувчилар билан гавжум бўлди.
Буюк мутафаккир таваллудининг 581 йиллиги муносабати билан боғ марказида ўрнатилган Алишер Навоий ҳайкали пойида тадбир ўтказилди. Унда буюк бобокалонимизнинг ҳаёти, бой маданий мероси ва бугунги кунда ёшлар тарбиясидаги ўрни хусусида фикр юритилди. Ҳазрат Навоий асарлари дунё халқларининг бебаҳо маънавий меросига айлангани қайд этилди.
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети биринчи проректори, профессор Ж.Элтазаров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ж.Сувонова Алишер Навоийнинг туркий тил ва адабиёт ривожидаги тилшунослигидаги ўрни, унинг асарларида илгари сурилган ғоялар ҳақида сўз юритди.
Тадбирда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг туризм ва маданият вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этди.
- Ўзбекистонда учинчи бор меҳмон бўлиб турибман, - дейди Туркия туризм ва маданият вазирлиги халқаро алоқалар бошқарма бошлиғи ўринбосари Гўзда Шаҳин. - Бу галги ташрифимиз турк дунёсининг буюк шоири Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига тўғри келиши бизни хурсанд қилди. Навоий асарлари Туркияда ҳам алоҳида ҳурмат билан ўрганилади. Турк шоир ва ёзувчилари томонидан Навоий ҳаёти ва ижодига бағишлаб тарбиявий аҳамиятга эга асарлар яратилган.
Тадбирда талабалар томонидан Навоий ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди.
Вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан хазрат сиймоси акс эттирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Тадбир сўнгида шоир ҳайкали пойига гуллар қўйилди.